Жаҳон | 21:39 / 22.06.2020
42803
2 дақиқада ўқилади

Песков Путиннинг «рус халқининг СССР республикаларига совғалари» ҳақидаги гапидан сўнг Россиянинг қўшниларга нисбатан ҳудудий даъвоси йўқлигини айтди

Фото: РИА "Новости"

Путиннинг сўзларига кўра, совет иттифоқи тузилганда республикаларнинг унинг таркибидан чиқиши ҳуқуқи белгиланган, аммо жараён тартибга солинмаган.

Россиянинг қўшни давлатларга нисбатан ҳудудий даъволари йўқ, деб маълум қилди Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

"Йўқ, Россиянинг қўшниларига нисбатан ҳудудий даъвоси йўқ", - деди Песков журналистларнинг бу борадаги саволига жавоб қайтараркан.

Аввалроқ Владимир Путин «Россия 1» телеканалида намойиш этилган «Россия. Кремль. Путин» фильми муаллифи Павел Зарубин билан суҳбатда «рус халқининг СССР республикаларига совғаси» ҳақида гапирганди.

Путиннинг сўзларига кўра, совет иттифоқи тузилганда республикаларнинг унинг таркибидан чиқиши ҳуқуқи белгиланган, аммо жараён тартибга солинмаган.

«Савол туғилади: агар у ёки бу давлат совет иттифоқи таркибига кирган бўлса-ю, лекин жуда катта ҳажмдаги рус ерларини, тарихан Россияга тегишли бўлиб келган ҳудудларини ўзига олса, сўнг бирдан иттифоқдан чиқиб кетишга қарор қилса - унда, ҳеч бўлмаганда, нима билан келган бўлса, шу билан чиқиб кетиши, рус халқидан совғаларни ўзи билан олиб кетмаслиги керак эди», - деди Путин.

Шу билан бирга, у қайси республикаларни ва қайси ерларни назарда тутганини аниқ айтмаган.

Бундан ташқари, Россия президенти яна бир бор 2014 йилда Қримнинг Россияга қўшиб олиниши «ярим орол аҳолисининг демократик танлови» эканлигини таъкидлади.

«Қрим ҳар доим бизники бўлган, ҳатто ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳам», - дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид