Жамият | 21:43 / 22.06.2020
28101
5 дақиқада ўқилади

Қишлоққа саккиз соат электр бериб, тўлов камлигидан шикоят қилиб ўзимизни алдаб келдик – Вазир ўринбосари

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев билан Мажбурий ижро бюросидаги ислоҳотлар ва энергетика вазирлиги олдида турган вазифалар ҳақида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. У шаҳар ва қишлоқлардаги тўлов кўрсаткичи бўйича фарқларни улардаги электр ва газ таъминоти сифатида ҳам катта фарқ бор бўлгани билан изоҳлаш мумкинлигини айтиб ўтди.

«Тўлов масаласида энг яхши тарғибот – истеъмолчиларга ниманидир тушунтириш орқали эмас, уларга ўрнак бўлиш орқали қилиниши керак. Масалан, «Мен бор куч-ғайратимни сизларга сифатли электр ва газ етказиб беришга сарфлаяпман, сизлар эса хизматимдан рози бўлинглар», деган тартибда ишлашимиз керак.

Сабаби истеъмолчи кўрсатилган хизматдан қанчалик рози бўлса, тўловчанлик даражаси шунчалик юқори бўлади», деди Энергетика вазири ўринбосари матбуот анжуманида.

Вазир ўринбосари шаҳар ва қишлоқлардаги газ, электр тўлови маданияти ўртасидаги фарқнинг турлича изоҳлаб келингани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, шаҳар ва қишлоқлардаги тўлов кўрсаткичи бўйича фарқларни улардаги электр ва газ таъминоти сифатида ҳам катта фарқ бор бўлгани билан изоҳлаш мумкин.

«Нега шаҳарда тўлов интизоми яхши-ю, қишлоқларда яхши эмас? Биз шаҳарда тўлов қобилияти яхшироқлигини айтиб, узоқ вақт ўзимизни алдаб келдик. Йўқ, 8 соат эмас, узлуксиз электр энергияси берилса, ўша ерда тўловга муносабат ҳам яхши бўлади. Ҳар қандай турдаги сифатсиз хизматга эса одамлар тўлов қилишга оғринади. Аксинча, одамлар хизматдан рози бўлса, улар оғринмасдан тўлов қилишади.  

Биз тўлов маданияти бўйича олиб борадиган тарғиботларимизда буларга урғу бермоқчимиз. Аввало, қандай қилсак, истеъмолчи ортиқча оворагарчиликларсиз тўлов қилиши мумкин деган савол устида бош қотирамиз. Бундан ташқари, тўланган ҳар бир сўм фойдаланувчи хонадонидаги энергия сифатини яхшилаш учун сарфланишини уларга кўрсатишимиз зарур», дея қайд этди Шерзод Хўжаев.

Шунингдек, Энергетика вазири ўринбосари туманларда истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчи ўртасида ҳар бир жараён ҳақида очиқ тарзда маълумот бериб борилиши лозимлигини айтиб ўтди.

«Бу борада жамоатчилик назорати тизимини жорий этиш ҳам яхши самара беради. Агар истеъмолчилар тўловларни доим ўз вақтида амалга оширса, лекин масъуллар сифатни ошириш борасида камчиликларга йўл қўйса, тўловчилар бу ҳақида ўз муносабатларини билдириши лозим. Агар аксинча бўлса, яъни сифат учун биз ҳаракат қилсак, лекин тўловлар вақтида қилинмаса, унда бу ҳолатда ҳам истеъмолчиларга тўғри тушунтириш олиб борилиши ва ҳамкорликда ишланиши лозим.

Бундан ташқари, туманлардаги тўловчанлик қобилиятини таққослаш ва улардаги энергия таъминотини етказиб беришдаги фарқларни ҳам солишитириб, одамларнинг ўзларига кўрсатишимиз мумкин», - дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.

Вазир ўринбосари мулоқот давомида вазирликнинг йиғимлар ваколати нега МИБга берилгани ва энди МИБдан қайтариб олингани бўйича ҳам изоҳ берди.

«Бу ваколат нега МИБга берилганига келсак, айрим истеъмолчилар тўловни тўлашга имконияти бўлатуриб, беписандлик билан қараб тўловни амалга оширишмаган. Иккинчидан – электр ва газ таъминотларига ўзбошимчалик билан уланган ёки қарздорлиги учун тармоқдан узиб қўйилганда қайта уланиб олган истеъмолчиларга нисбатан қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарликлар белгиланган бўлишига қарамасдан айнан мана шу жавобгарликка тортадиган орган мавжуд эмас эди. Яъни ҳудудий электр тармоқлари ва ҳудудий газ таъминоти корхоналарининг қоидабузарлик ҳолати бўйича расмийлаштирган далолатномалари ушбу фуқарони ёки юридик шахсни маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиши учун етарли асос бўла олмас эди.

Мана шундай пайтда «Бу қоидабузарларни, қонун-қоидаларни бажармаётган, менсимаётганларни қандай жазога тортиш керак?» деган савол туғилганди.

Шу пайтда Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси қошида алоҳида «Мажбурий ижро бюроси» ташкил қилинганди. Бу ташкилот тузилганидан кейин биринчи қилган иши бу – қонунбузарлик учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш бўлди.

Савол туғилади – нега унда ваколат қайтариб олинди? Ўтган вақт ичида жазо муқаррарлиги таъминланди. МИБнинг функциялари ўзгаряпти, лекин, тугатилгани йўқ. Асосийси, биз электр энергия ва газ таъминотларида ислоҳотларни бошладик», – деди вазир ўринбосари матбуот анжуманида.

Мавзуга оид