Ўзбекистон | 09:40 / 23.06.2020
2442
10 дақиқада ўқилади

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий АКТ кенг жорий этилади - Президент қарори лойиҳаси

Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.

Президентнинг “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича:

Тажриба лойиҳаси доирасида 2019 йилнинг 1 октябридан Сирдарё вилоятида бола икки ёшга тўлгунича нафақа, 14 ёшгача бўлган болали оилаларга нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам (ижтимоий нафақалар) тайинлашни кўриб чиқиш ва белгилаш тартиб-таомиллари “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонасининг гранти асосида бериладиган молиявий, техник ва эксперт кўмаги асосида амалга оширилади;

Техник кўмак бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини жорий этиш учун компьютер ускуналари ва переферия техникасини сотиб олиш Жаҳон банки имтиёзли кредити ҳисобига амалга оширилади;  

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими эгаси ва фойдаланувчиси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобланади.

Белгиланишича: 

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими “Электрон ҳукумат” тизимининг таркибий қисмидир;

2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб, ижтимоий нафақаларни кўриб чиқиш ва белгилаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида амалга оширилади;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида жисмоний шахснинг идентификатор жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами бўлади (ЖШШИР), уни киритишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида давлат ижтимоий хизмати ёки ёрдамини олишга сўров автомат тарзда шакллантирилади;

Давлат ижтимоий хизматлари ёки ёрдамини кўрсатиш доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги фақат “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграцион платформаси орқали амалга оширилади.   

Давлат ижтимоий хизматлари ва ижтимоий ёрдам белгилашни кўриб чиқиш тартиб-таомилига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини жорий этишнинг асосий мақсадлари сифатида қуйидагилар белгиланади:  

ижтимоий хизматлар ва ёрдам белгилаш ва кўриб чиқиш учун зарур бўлган талаб этиладиган маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатлар сонини барча тартиб-таомилларни идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаш воситасида автоматлаштириш орқали тубдан қисқартириш;

ижтимоий ёрдам белгилашда субъектив ёндашувни, белгиланган мезонларга мувофиқ эҳтиёжмандлик даражасини объектив баҳолаш асосида қарор қабул қилишни автоматлаштириш орқали бартараф этиш;

оилаларнинг эҳтиёжмандлик таркиби ўзгариши динамикаси мониторинги ва таҳлилини юритиш, уларни баҳолаш мезонларини республика ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш учун давлат ижтимоий хизматлари ва ижтимоий ёрдам олувчиларнинг барчаси бўйича доимий янгиланиб турадиган ягона маълумот базасини шакллантириш;

манфаатдор вазирлик, идоралар ва ташкилотлар уларга юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш шу жумладан улар томонидан тегишли хизматларни бепул ёки имтиёзли асосда кўрсатиш учун давлат ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам олувчилар тўғрисидаги маълумотлар зарурлиги.

Вазирлик ва идоралар раҳбарларига мазкур Қарор билан тасдиқланган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ва манфаатдор вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари ўртасида электрон ҳамкорликни янада яхшилаш ва кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун шахсий жавобгарлиги кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда мазкур қарор билан тасдиқланган Чора-тадбирлар дастурининг ижроси устидан доимий мониторинг ўрнатади, бунда Вазирлар Маҳкамасига тегишли чора-тадбирларни бажариш муддатларини объектив сабабларсиз бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш тўғрисида таклифлар киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қуйидагиларни таъминлайди:

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини жорий этиш ва функционал имкониятларини кенгайтириш учун тақдим этиладиган грант ва кредит воситаларидан ўз вақтида ва самарали фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда 2020 йил охиригача Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш” лойиҳаси доирасида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимининг тўлақонли ва сифатли ишлаши учун зарур бўлган серверлар, компьютер ва бошқа техника воситалар, асбоб-ускуналарни сотиб олишни;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида ижтимоий нафақа олувчилар ва уларнинг оилалари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш бўйича чораларни ташкил этиш, бунда қарорга 2-иловада кўрсатилган муддатлар ҳисобга олинади; 

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими функционал имкониятларини кенгайтириш, бунда мазкур қарор билан тасдиқланган Чора-тадбирлар дастурида биринчи навбатда кўрсатилган давлат томонидан тақдим этиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамни қамраб олиш; 

бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида вазирлик марказий аппарати бошқарув ходимларининг ўрнатилган сони доирасида ижтимоий ҳимоя соҳасида ахборот тизимларини жорий этиш бўйича лойиҳа идораси тузилади;  

“ФҲДЁ электрон архиви” ахборот тизимида ариза берувчининг оила аъзолари таркибини аниқлаш функцияси жорий этилганидан сўнг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими томонидан ижтимоий нафақаларни белгилаш электрон тарзда онлайн режимида қабул қилинишини таъминлаш.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлигининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларига (ФҲДЁ бўлимлари) вақтинчалик штат бирликларини ажратиш ҳақидаги таклифига розилик берилади.  

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг асослантирилган талабномалари асосида Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобига ФҲДЁ бўлимларининг вақтинчалик штат бирликларини сақлаб туриш учун зарур маблағлар ажратилишини, шунингдек “ФҲДЁ электрон архиви” ахборот тизимида ФҲДЁ бўлимларининг архивларида қоғоз ташувчиларда сақланадиган ҳужжатлар электрон маълумотлар базаларини шакллантириш учун зарур компьютер ва бошқа ташкилий техникаларни харид қилинишини таъминлайди.   

Белгиланишича:

туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан ФҲДЁ бўлимлари архивлари учун қўшимча ажратиладиган вақтинчалик штат бирликларини жойлаштириш, уларга, зарур бўлса, вақтинча бинолар ажратиш (коммунал тўловларисиз бепул ижарага олиш шартлари асосида), шунингдек уларни зарур офис жиҳозлари, канцелярия товарлари, телефон ва интернет алоқаси билан таъминлаш ишларини 2020 йил 1 июлга қадар амалга оширилади;

ФҲДЁ бўлимлари вақтинчалик штат бирликларини Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобига сақлаб туриш 2021 йил 1 январгача амалга оширилади; 

“ФҲДЁ электрон архиви” ахборот тизимида ФҲДЁ бўлимларининг архивларида қоғоз ташувчиларда сақланадиган ҳужжатлар электрон маълумотлар базаларини шакллантириш бўйича тадбирлар тўлиқ якунлангандан кейин, ушбу қарор доирасида харид қилинган компьютер ва бошқа ташкилий техникалар, тегишли туманлар (шаҳарлар) умумтаълим муассасаларига белгиланган тартибда беғараз ўтказиб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда “labor-migration” дастурий мажмуасини “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими билан интеграция қилинишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда маълумотлар тақдим этиш махфийлиги ва ёпиқлигини таъминлаш асосида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номига олинган пул ўтказмалари ва очилган депозит ҳисобварақларидаги қолдиқлари тўғрисидаги маълумотларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинганда ариза берувчилар ва уларнинг муомалага лаёқатли оила аъзолари розилиги билан тақдим этиш тавсия этилади.  

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Хавфсизлик хизмати, Олий ва Конституциявий суд, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси бир ой муддатда:  

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими сўрови бўйича мазкур ташкилотлар ходимлари ва хизматчиларига тўловлар (иш ҳақи, пенсия, таъминот ва ҳоказолар) тўғрисида маълумотларни махфийликни сақлаш шарти билан тақдим этиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида таклифлар киритади; 

ушбу ахборотни тақдим этиш имконияти бўлмаса, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида ушбу бандда кўрсатилган ташкилотлар хизматчилари ва ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари томонидан ижтимоий нафақалар ва бошқа давлат ижтимоий хизматлари олиш учун тақдим этилган аризаларни кўриб чиқишни чеклаш чораларини назарда тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид