Ўзбекистон | 09:12 / 23.06.2020
6022
3 дақиқада ўқилади

Ободонлаштириш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари тасдиқланади

Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ташкилотлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари тасдиқланади.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ташкилотлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатларига ва Қоидаларга риоя этилиши устидан давлат назорати, бунга махсус ваколат берилган давлат идоралари томонидан, жамоатчилик назорати эса, бошланғич касаба уюшма ташкилоти ёки ходимлар томонидан сайланадиган бошқа вакиллик органлари, шунингдек ходимларнинг ўзи меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этган шахслар томонидан амалга оширилади.

“Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида”ги Намунавий низомга мувофиқ ташкилотларда қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида ва тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши ва бошқалар.

Ҳар бир ташкилотда ишлаб чиқаришнинг аниқ шарт-шароитлари ҳисобга олинган ҳолда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг рўйхати тузилади.

Ташкилотларда шикастланиш, касаллик ёки иш қобилиятининг пасайишига олиб келадиган, ходимларга таъсир ўтказадиган хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари қуйидагилардан иборат:

ишлаб турган электр узатгич линиялари яқинида олиб бориладиган ишлар;

кучланиш остидаги электр кабеллар ўтказилган участкаларда ер қазиш ишларини бажариш;

хлорни транспортировка қилиш, хлордан фойдаланиш ва бошқа кучли таъсир этувчи заҳарли моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ ишларни бажариш;

фтордан фойдаланиш ва уни чиқариш билан боғлиқ ишларни бажариш;

ернинг патоген зарарланган участкаларида (чиқинди тўпланадиган жойлар, мол ўликхоналари, қабрлар ва бошқа шу каби жойлар) ер қазиш ишларини бажариш;

баландликда ишларни бажариш ва баландликка кўтарилиш билан боғлиқ ишларни бажариш;

дарахтларни кесиш билан боғлиқ ишларни бажариш;

дарахтларни транспорт воситаларига ортиш, тушириш ва уларга бирламчи ишлов бериш билан боғлиқ ишларни бажариш;

транспорт воситаларининг қатнови вақтида йўлларда дарахтларни антисептик ва ёнғиндан ҳимоя воситалари билан тўйдириш ишларини бажариш.

Иш берувчига зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсир қилиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этишда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларида белгиланган таъсир қилиш даражасига тушириш ёки камайтириш учун чоралар кўриш керак.

Агар ишлаб чиқариш жараёни шароитлари туфайли зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омиллари миқдорини мақбул таъсир қилиш даражасига чиқариб ташлаш ёки камайтириш имкони бўлмаса, ходимларни тегишли шахсий ҳимоя воситалари билан таъминламасдан ишлаш тақиқланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид