«Хавфсиз туризм фондига давлат бюджетидан дастлабки 20 миллиард сўм миқдоридаги бошланғич маблағ ажратилди» – Азиз Абдуҳакимов
Ўзбекистонда Хавфсиз туризм фондига давлат бюджетидан дастлабки 20 миллиард сўм миқдоридаги бошланғич маблағ ажратилган. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 23 июнь куни видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгаши Туризм вазирларининг бешинчи йиғилишида маълум қилди.
Туризм вазирларининг онлайн учрашувида ТТДҲК бош котиби Багдад Aмрейев, Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Эрсой, Қозоғистон маданият ва спорт вазири Aктоти Раимкулова ҳамда қолган ТТДҲК мамлакатларининг туризм ташкилотлари раҳбарлари қатнашди.
Иштирокчилар пандемия шароитида туризм соҳасининг бугунги ҳолати, Кенгаш мамлакатларининг туризм секторини жонлантиришга доир тажрибаси, Турк кенгашига аъзо давлатлар ўртасида сайёҳлик алмашинувини тиклашга оид чора-тадбирлар ҳамда бу давлатларнинг сайёҳлик йўналишларини илгари суришга қаратилган турли лойиҳа ва ташаббусларни муҳокама қилишди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда пандемия шароитида туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.
«Мамлакатда чет эллик сайёҳлар учун ўзига хос «хавфсизлик ёстиқчаси»га айланадиган «Ўзбекистон - хавфсиз саёҳат кафолатланган» (Uzbekistan/Safe travel guaranteed) санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу тизим доирасида сайёҳ Ўзбекистонда бўлиб турган вақтда коронавирусни юқтириб олса, унга 3000 АҚШ доллари миқдорида компенсация пули тўлаб берилади. Бунинг учун Хавфсиз туризм фонди ташкил этилиб, унга давлат бюджетидан дастлабки 20 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ўйлаймизки, ушбу тадбирлар мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашга ва Ўзбекистонда туризмни тез суръатларда тиклашга имкон беради», деди Абдуҳакимов.
Шунингдек, йиғилиш давомида Абдуҳакимов пандемия шароитида туризмни тиклаш учун асосий эътиборни халқаро шериклар ва ҳалқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлашга қаратиш кераклигини таъкидлади.
Aзиз Aбдуҳакимов конференция давомида иштирокчиларига Ўзбекистонда туризм соҳасини қўллаб-қувватловчи чора-тадбирлар ва дастурлар ҳақида сўзлаб берди, жумладан уларни президентнинг жорий йил 28 майдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ва «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан батафсил таништирди, туризмни рақамлаштиришни яхшилашга доир лойиҳани амалга ошириш зарурати ҳақида сўзлади.
«Туризмни рақамлаштиришни яхшилашга оид лойиҳаларни амалга ошириш, Кенгаш мамлакатлари туристик йўналишлар ягона харитасини яратиш, халқларимизнинг маданияти, анъаналари ва экскурсиялари бўйича батафсил ҳамда ишончли маълумотлар тайёрлаш, фото, видео ва VR-технологияларни қўллаган ҳолда виртуал турлар ва экскурсиялар, онлайн гидлар ташкил қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлашимиз лозим», деди Абдуҳакимов.
Тадбир якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси ташаббуси ҳамда конференция иштирокчиларининг қўллаб-қувватлаши билан кейинги ТТДҲК туризм масалалари вазирларининг VI йиғилишини 2021 йилда Ўзбекистонда ўтказишга доир келишувга эришилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 14 сентябрь куни «Ўзбекистон Республикаси томонидан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг тузилиши тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилиш тўғрисида»ги Қонунни имзолаганди. 2019 йил 15 октябрь куни Боку шаҳрида бўлиб ўтган ТТДҲК саммитида Ўзбекистон тўлақонли аъзо сифатида қатнашди ва тадбирда давлат раҳбари иштирок этганди.
10 апрелда ЖССТ раҳбари иштирокида ўтказилган ТТДҲК онлайн саммитида президент Шавкат Мирзиёев кенгаш доирасида эпидемиологик вазиятни таҳлил қилиш, доимий мониторинг, прогноз тизимини ишлаб чиқиб таклифини берганди.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
13:48 / 13.11.2024
Жаҳон банки вакили Ўзбекистоннинг COP29’даги павилёни билан танишди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024