2019 йилда турли идораларнинг раҳбарларига юборилган 175та депутатлик сўровига уларнинг ўринбосарлари жавоб қайтаришгани айтилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Шириновнинг айтишича, 2019 йилда турли идораларнинг раҳбарларига юборилган 175 та депутатлик сўровига уларнинг ўринбосарлари жавоб қайтаришган.
«Бугунги кунда парламент, депутат ва сенатор сўровларини юбориш билан боғлиқ масалалар 8 та қонун билан тартибга солинмоқда.Таъкидлаш лозимки, депутат сўрови айнан мансабдор шахс номига юбориладиган ҳужжат бўлсада, афсуски ўтган давр мобайнида ушбу парламент назорати шаклига мансабдор шахслар етарлича эътибор беришмаган.
Масалан, 2019 йилда жами 242 та депутат сўрови муайян идоранинг биринчи шахси (раҳбари) номига юборилган бўлсада, уларнинг 175 тасига ўринбосарлар томонидан, 13 тасига қуйи ташкилот раҳбарлари ва 2 тасига умуман бошқа идора мансабдор шахслари томонидан жавоб хати берилган», дея Жаҳонгир Широновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Депутат таъкидлашича, 2020 йилнинг январь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи таъсис йиғилишида халқ вакилининг сўровига бундай беписандлик президент томонидан кескин танқид қилинган.
«Депутат сўровига жавоб хатини тегишли давлат органи раҳбарининг ўзи томонидан берилишини талаб қилиш – депутатларнинг иззатталаблиги деб баҳоланмаслиги лозим. Чунончи, депутат мансабдор шахсларга, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан сўров юборади. Яъни ҳар бир депутат сўрови ортида халқ манфаати ётади.
Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, юборилган депутат сўровига тегишли мансабдор шахснинг ўзи эмас, балки қуйи турувчи лавозимлардаги бошқа шахслар томонидан жавоб берилиши натижасида, депутат сўровларига жавоблар сифатсиз, кўтарилган масалага юзаки ёндашув ҳамда саволларга аниқ жавобнинг йўқлиги каби ҳолатлар вужудга келмоқда. Бу эса, авваламбор сайловчилар манфаатини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда», дейди у.
Жаҳонгир Шириновнинг қайд этишича, аксарият мамлакатларнинг қонунчилигида парламент ёки депутат сўровига жавоб бевосита мансабдор шахс томонидан берилишини назарда тутувчи нормалар мавжуд. Масалан, Россия, Грузия, Тожикистон, Беларусь қонунчилигида ана шундай нормалар кўзда тутилган.
«Юқоридагиларга асосан, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонун лойиҳаси ташаббус қилиниб, унда парламент, депутат ва сенатор сўровига жавоб хати, сўров кимнинг номига юборилган бўлса айнан ўша мансабдор шахс томонидан ёки унинг вазифасини бажариш юклатилган шахс томонидан имзоланиши тўғрисидаги мажбурий нормани жорий қилиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур таклифнинг ҳаётга татбиқ этилиши депутатлик сўрови самарадорлиги ва аҳамиятининг ошишига, унинг натижасида сайловчилар манфаатини таъминлаш, пировардида сайловчиларнинг депутатга бўлган ишончини ортишига хизмат қилади», дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси.
Мавзуга оид
18:02 / 07.01.2021
Молия вазирлиги: Ургутдаги мактаблар таъмири бўйича депутатлик сўровига ўз вақтида жавоб берилган
17:04 / 22.12.2020
Писанд қилинмаётган депутатлик сўровлари: бунинг учун ким жавоб беради?
00:14 / 21.01.2020
«Депутатга бўлган ҳурмат шуми?» – Президент раҳбарларнинг депутатлик сўровига муносабатини танқид қилди
20:43 / 11.04.2019