Олий Мажлис Қонунчилик палатаси девонининг Kun.uz'га берган маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 9 декабрига қадар палата депутатлари томонидан турли вазирлик ва ташкилотларга 285 та депутатлик сўрови юборилган.

«Аслида бу рақамлар кўпроқ бўлиши ҳам мумкин, чунки, ҳудудларда юрган вақтида баъзи депутатлар сўровни рўйхатга олмасдан ўзлари имзолаб тегишлилиги бўйича бериб юборишади. Натижада, депутатлик сўрови қайсидир мансабдорнинг иш столида назоратга олинмасдан ҳам қолиб кетиши мумкин», – дейилади маълумотда.

Депутат сўровини менсимаслик – қонунни менсимаслик билан баробар

Аввало таъкидлаш ўринлики, бюджетдан маош олиб, қимматбаҳо машиналар ва бошқа имтиёзлардан фойдаланувчи амалдорлар ўз фаолияти борасида халқ вакилларига ҳисоб беришга, сўровларига жавоб йўллашга ҳам виждон, ҳам қонун олдида мажбурдир.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги конституциявий қонуннинг 12-моддасига кўра, Қонунчилик палатаси депутати давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига сайловчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтайи назарини баён этиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.

Қонунчилик палатаси депутати сўровига жавоб 10 кундан кечиктирмай ёзма равишда берилиши ва у кимнинг номига юборилган бўлса, ўша мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланиши шарт.

Шу каби нормалар «Парламент назорати тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги қонунларда ҳам белгилаб қўйилган.

«Кўпчилик раҳбарлар депутатлик сўровига бепарво»