18:02 / 07.01.2021
5243

Молия вазирлиги: Ургутдаги мактаблар таъмири бўйича депутатлик сўровига ўз вақтида жавоб берилган

22 декабр куни Kun.uz'да Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг сўровларига ижро ҳокимияти вакиллари бепарво қараётгани мавзусида мақола эълон қилинган эди.

Мақоладан қатор органлар депутатлик сўровларига беписандлик билан қараётгани борасида бир неча депутатларнинг фикрлари ўрин олган.

Уларнинг айтишича, депутатлик сўровларига жавоблар кечикиши ёки шаблон жавоблар берилиши тез-тез учраб туради. Депутат Ғайрат Абдиев бир неча мисоллар келтириб, шулар қаторида Молия вазирлигига мурожаатига ҳалигача жавоб ололмаётганини айтганди.

«Ҳудудимда (Самарқанд вилояти Ургут тумани) 3–4 йил аввал иккита спорт биноси қурилиши бошланиб, кейинчалик молиялаштириш тўхтаб қолган. Давлат бюджети эвазига қурилиши бошланган бинолар шу ҳолича неча йилдан бери ёмғир ва қорларда турибди. Молия вазирлиги бу масалада қилган мурожаатимга жавоб бермади», – деганди Ғайрат Абдиев.

plo_CbyN5cU4_pIC_8MqkzOI0gMUS8Ct.jpg (1000×650)
Ғайрат Абдиев

Молия вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, ўтган йилнинг 5 ноябр куни вазирликка юборилган депутатлик сўровига 17 ноябр куни жавоб қайтарилган.

Вазирлик ахборотига кўра, сўров Ургутдаги мактабларни қуриш-таъмирлаш учун маблағ ажратиш масаласида бўлган. Жавоб хатида мазкур ишларнинг манзилли рўйхатларини Халқ таълими вазирлиги ва бошқа қатор ташкилотлар биргаликда шакллантириши ҳамда давлат дастурларига киритиши белгилангани қайд этилган.

«Самарқанд вилояти Ургут туманидаги умумтаълим мактабларини қуриш-таъмирлаш билан боғлиқ мавжуд муаммоларни ўрганган ҳолда тасдиқланган параметрлар доирасида келгуси йиллар учун Инвестиция дастурларини шакллантиришда инобатга олинишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз», дейилган вазирлик хатида.

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги мақолада ҳукуматнинг парламентдаги ваколатли вакили Маъруфжон Тожибоев хусусан Молия вазирлигига ҳам тааллуқли айрим рақамларни келтирганди.

«Молия ва Энергетика вазирликлари томонидан сўровларга 1 кундан 20 кунгача вақтида жавоб берилмаган», – деганди у.

Ҳукуматнинг расмий вакили қўшимча қилгандики, аслида сўровлар мансабдор шахсга етиб бормаган ёки аксинча, жавоб хатлари депутатларга етиб бормай қолаётган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Top