Ўзбекистон | 00:14 / 21.01.2020
20493
2 дақиқада ўқилади

«Депутатга бўлган ҳурмат шуми?» – Президент раҳбарларнинг депутатлик сўровига муносабатини танқид қилди

Ўзбекистонда парламент ва депутат сўровининг таъсирчанлигини ошириш керак, деб ҳисоблайди президент Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари бу ҳақда 20 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги маърузасида айтиб ўтди. 

«Парламент ва депутат сўровини кўриб чиқмаганлик ёки кўриб чиқиш муддатини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Шунга қарамасдан, афсуски, айрим ҳолларда депутат сўровига раҳбарнинг ўзи эмас, балки унинг ўринбосари, ҳатто бошқарма бошлиқлари жавоб қайтармоқда.

Ўзингиз айтинг, қани бу масалада халқ вакилининг обрўси? Парламентга ва депутатга бўлган ҳурмат шуми? Бундай салбий ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Шу сабабли парламент ва депутат сўровига вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарларининг шахсан ўзлари жавоб бериши шартлигини қонунда белгилашни таклиф қиламан.

Қонунда белгилаб қўйинглар, сизларда бундай ваколат бор-ку? Замон ўзгарди энди, ижро органи ишлаши керак. Депутат сўров ёздими, унга фаолиятидаги хато ҳақида сигнал бўлиши керак. У ё ўз муовини, ё бошқарма бошлиғига қўл қўйдиряпти. Бу – хиёнат. Дарров уни чақириб, тўғрилаб қўйиш керак. Бунинг учун эса қонун керак», – деган президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, аввалги чақириқда давлат ва хўжалик бошқаруви органларидаги мансабдор шахсларга 28та (2010-2014 йилларга нисбатан 7 баробар кўп) парламент сўрови, 856та депутатлик сўрови юборилган.

Мавзуга оид