Жаҳон | 22:42 / 25.06.2020
5159
1 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳукумати Жулиан Ассанжга янги айблов билдирди

АҚШ ҳукумати WikiLeaks сайти асосчиси Жулиан Ассанжга хакерларни ёллаш бўйича янги айблов билдирди.

Фото: РИА Новости

АҚШ адлия вазирлигининг хабар беришича, янги айблов Ассанжга 2019 йил майида билдирилган аввалги айбловга қўшимча бандлар қўшмайди. Бироқ у Ассанж айбланаётган компьютер орқали бузиб кириш бўйича тил бириктириш кўламини кенгайтиради.

“Ҳужжатга кўра, Ассанж ва WikiLeaks’нинг бошқа ходимлари WikiLeaks учун махфий ахборотни топа оладиган хакерларни ёллашган”, дейилган хабарда. 

Таъкидланишича, Ассанж 2012 йилда LulzSec хакерлик гуруҳи етакчиси билан шахсан гаплашиб, унга бузиб кириш керак бўлган нишонлар рўйхатини тақдим қилган. Кейинроқ у Марказий разведка бошқармаси, Миллий хавфсизлик агентлиги ва New York Times нашри маълумотларининг ўғирланиши энг самарали хакерлик ҳужумлари бўлишини таъкидлаб ўтган.

48 ёшли Ассанж 2019 йилда Лондонда ҳибсга олинган. Айни вақтда Британия суди унинг АҚШга топширилиши бўйича ишни кўриб чиқмоқда.

Мавзуга оид