Ўзбекистон | 08:08 / 25.06.2020
3366
2 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов қадимий Ипак йўли бўйлаб замонавий карвонсаройлар қуришни таклиф қилди  

Азиз Абдуҳакимов Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Туризм масалалари вазирларининг V йиғилишида янги ташаббусларни илгари сурди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 23 июнь куни видеоконференция шаклида ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) Туризм вазирларининг V йиғилишида иштирок этди

Туризм қўмитаси хабарига кўра, бош вазир ўринбосари томонидан Туркистондаги Аҳмад Яссавий мақбараси, Тошкент вилоятидаги Занги ота ва Қўнғирот туманидаги Ҳаким ота Боқирғоний зиёратгоҳларини ўз ичига олган “Олтин учбурчак” турини фаоллаштириш таклиф этилди. Бундан ташқари, чегара олди ҳудудларида туристик кластерларини ташкил қилиш таклиф этилган бўлиб, унда савдо-сотиқ ва бошқа алоҳида солиқ шарт-шароитлари кўзда тутилган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистон томондан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туризм салоҳияти ва бошқа йўналишлар тарғиботи учун хизмат қилувчи алоҳида телеканал яратиш таклифи берилди. Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик иштирокчи мамлакатлар орасида эфир вақтини тақсимлаш орқали амалга оширилади. 

Шу билан бирга, онлайн-конференция давомида Азиз Абдуҳакимов Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатларнинг тарихий ва туристик шаҳарлари ўртасида авиарейслар сони ва йўналишларини ошириш, уларнинг географиясини кенгайтиришни таклиф қилди. Хусусан, Туркия, Озарбойжон, Венгрия ва бошқа иштирокчи мамлакатларнинг тарихий ва туристик шаҳарлари ўртасида транспорт алоқаларининг янги йўналишлари ушбу давлатлар иқтисодиётига ижобий таъсир қилади. Бундан ташқари, сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида қадимий Ипак йўли бўйлаб замонавий карвонсаройлар қуришни таклиф қилди.   

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид