Жамият | 20:28 / 25.06.2020
10730
4 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов Самарқандда: Ибн Сино китоби, туристларга 3 минг доллар ва янги иммиграцион виза масалалари ҳақида

Бутунжаҳон туризм ташкилоти — UNWTO Европа минтақавий комиссиясининг 65-йиғилишида Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Самарқанддаги Регистон мажмуасидан туриб иштирок этди.

Масофадан туриб онлайн тарзда ўтказилган йиғилиш асосан коронавирус пандемиясининг туризм соҳасига таъсири ва унинг оқибатларидан тикланиш масалалари муҳокамасига бағишланди.

Йиғилишдан сўнг Азиз Абдуҳакимов комиссия йиғилиши хусусида ўз фикрларини Kun.uz мухбирига сўзлаб берди.

«44та давлат туризм вазири, юзлаб туристик компаниялар вакиллари ва соҳа мутахассислари иштирок этган анжуманда биз аввало юртимиздаги Covid-19 билан боғлиқ вазиятни очиқ-ойдин маълум қилдик. Негаки, бизда беморлар сони, ўсиш динамикаси ва ўлим сони юқори эмас. Бунинг сабабларини маълум қилдик. Шунингдек, туризмга оид кейинги вақтларда қабул қилинган ҳужжатлар моҳиятига тўхталдик», дейди у.

Қўмита раиси йиғилишда Хатарсиз саёҳат билан боғлиқ қўлланма ҳам жаҳонда биринчилардан бизнинг заминимизда яратилгани хусусида таъкидлаб ўтилганини қайд этди.

«Анжуманда яна бир тақдимотимиз кўпчиликнинг эътиборини тортди. Гап шундаки, Абу Али ибн Синонинг «Фит тадбир ул-мусофирийн» китобида бундан минг йиллар олдин саёҳатга чиққанда саломатликни асраш, мусофирликда қандай қоидаларга амал қилиш хусусида жуда кўплаб фойдали маълумотлар келтирилган. Иштирокчиларда мазкур китоб ҳақдаги тақдимотимиз ҳам катта қизиқиш уйғотди», дейди қўмита раиси.

Туризмни ривожлантириш қўмитаси маълумотига кўра, 2023 йилда UNWTO Бош Ассамблеясини айнан Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифи ҳам берилган ва илиқ кутиб олинган.

Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонга келиб Covid-19’га чалинган сайёҳларга 3000 АҚШ доллари миқдоридаги компенсация берилиши масаласига яна бир бор тўхталди:

«Албатта, биз бу фикрни ҳам PR нуқтайи назардан илгари сурмоқдамиз. Сабаби Ўзбекистонга келадиган турист ўзини хавфсиз ҳис қилиши керак ва шундоқ ҳам ҳаммамиз яхши биламиз — маҳаллий фуқаролар бўладими, хориж фуқаролари бўладими — бу касалликка чалинганлар давлат томонидан даволанади.

Айтилган маблағ хорижлик фуқаронинг қўлига берилмайди. Аммо бир беморга сарфланадиган маблағ миқдори ҳам шунга яқин. Биз эса шундоқ ҳам бор ушбу амалиётни пиар тарзида чиройли етказмоқдамиз. Чунки саёҳатга чиқадиган хориж фуқароси аввало танланадиган давлатларни солиштиради, маълумотлар билан танишади. Аслида, бу каби тарғиботларни кўпроқ қилишимиз керак ҳаммамиз. Чунки қанча кўп сайёҳ келса шунча кўп маблағ — инвестиция келади, иш жойлари кўпаяди, аҳоли даромади ошади.

Яна бир лойиҳамиз «Uzbekistan Is My Second Home» (Ўзбекистон — менинг иккинчи уйим) лойиҳаси бўлиб бўлиб, мазкур йўналишда иммиграцион виза тури ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Бу орқали даромадлари юқори ва академик ютуқлари кўп бўлган одамларни жалб қилишга эришилади. Бу ҳам инвестиция, ҳам илмий ва бошқа турдаги тажрибаларни Ўзбекистонга олиб келишни оширади.

Мазкур лойиҳа президентимизнинг «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган.

Умуман, ҳар қандай соҳадаги ривожланиш фақат ўша соҳасига фойда келтириши оддийгина қоида. Аммо туризмнинг ривожланиши, туристик объектлар ходимлари учун ҳам, умумий овқатланиш тизими учун ҳам, меҳмонхона ва бошқа кўплаб соҳалар учун ҳам даромад, дегани. Ҳатто оддий ҳайдовчи ва деҳқон ҳам мамлакатга кўпроқ сайёҳ келиши ортидан фойда кўради», деди Азиз Абдуҳакимов.

Анвар Мустафоқулов тайёрлади

Мавзуга оид