Жамият | 08:04 / 25.06.2020
9386
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда синфдошларнинг ўзаро тортишуви ўлим билан тугади 

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

2020 йил 20 июнь куни 28 ёшли С.Э. синфдошининг фотиҳа тўйини ўртоқлари билан биргаликда Жиззах шаҳридаги чойхоналарнинг бирида нишонлаб, у ерда спиртли ичимлик истеъмол қилишган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар соат 23:00да маст ҳолатда чойхонадан чиқиб уйларига тарқалишаётган вақтида, С.Э. синфдоши, 29 ёшли О.Б. билан ўзаро тортишиб қолиб, унинг бош қисмига қўли билан уриб, тан жароҳати етказиб, 2020 йил 21 июнь куни соат 01:00да уни яшаш хонадонига ташлаб кетганлиги оқибатида О.Б. олган тан жароҳатлари билан яшаш хонадонида вафот этган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида, “марҳум О.Б.нинг ўлимига бош миянинг шишиб кетиши, бош мия юмшоқ пардаси остига қон қуйилиши ва ёпиқ мия жароҳатлари сабаб бўлган”лиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиззах шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. С.Э. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид