Жаҳон | 20:33 / 26.06.2020
22342
10 дақиқада ўқилади

БМТ тарихи: Украина ва Беларусь қандай қилиб унинг таъсисчиси ва аъзоси бўлган эди?

1945 йил 26 июнда АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида дунёнинг 50 мамлакати вакиллари йиғилиб, Иккинчи жаҳон урушигача фаолият юритган Миллатлар Лигаси ўрнига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти номи билан аталувчи янги ташкилот тузиш ҳақида келишув имзолайди ва унинг уставини қабул қилади. БМТнинг устави 1945 йил 24 октябрдан кучга киради ва у шу санадан ўз фаолиятини бошлайди. Ўшанда, БМТ таъсисчилари сафида СССР билан биргаликда, унинг таркибига кирувчи Украина ССР ва Белоруссия ССР ҳам бор эди.

Биринчи жаҳон уруши ғолиблари томонидан 1919 йилда Версаль келишувига кўра Миллатлар Лигаси халқаро ташкилоти тузилган эди.

Миллатлар Лигаси, гарчи дунёдаги сиёсий-иқтисодий вазиятни назорат қилиш учун тузилган бўлса-да, амалда ҳеч нарсани назорат қила олмайди. Иккинчи жаҳон уруши бошлангандан кейин бу халқаро ташкилот амалда ўз фаолиятини тўхтатади.

БМТнинг ташкил этилиши

Гитлерга қарши урушда СССРнинг қўли баланд келиб Германиянинг енгилиши аниқ бўлиб борар экан, дунёдаги сиёсий вазиятни назорат қилиш учун янги халқаро ташкилот тузиш эҳтиёжи туғилади.

Дунёдаги барча мустақил давлатларни қамраб оладиган ҳамда ер юзидаги сиёсий жараёнларни назорат қиладиган янги халқаро ташкилот тузиш ғояси 1943 йилда, СССР, АҚШ, Буюк Британия давлат раҳбарлари Иосиф Сталин, Франклин Рузвельт ва Уинстон Черчилль иштирок этган Теҳрон конференциясида илк марта муҳокама қилинган эди.

1944 йил 28 августда Вашингтон шаҳри яқинидаги Думбартон-Окс шаҳарчасида юқоридаги уч давлат делегацияси иштирокида янги тузиладиган халқаро ташкилотга кимларни аъзо қилиш масаласида конференция ўтказилади ва кўпгина масалалар келишиб олинади.

1945 йил 4-11 февраль кунлари Яльтада ўтган конференцияда СССР, АҚШ ва Буюк Британия (яна Сталин, Рузвельт, Черчилль иштирокида) раҳбарлари БМТни тузиш масаласида музокараларни давом эттиради.

1945 йил 25 апрелда АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида дунёнинг 50 давлатидан келган делегация Бирлашган Миллатлар Ташкилотини тузиш учун халқаро конференцияга йиғилади. Қизиғи, бу конференцияда собиқ иттифоқдан учта, СССР делегацияси билан бирга Украина ва Белоруссия ҳам ўз делегациялари билан қатнашади. Конференция икки ой давом этади ва 26 июнгача давом этади.

Сан-Франциско конференциясида СССР делегациясини аввалига СССР ташқи ишлар халқ комиссари Вячеслав Молотов бошқаради. Орадан бир неча кун ўтиб делегация раҳбарлиги СССРнинг АҚШдаги элчиси Андрей Громикога топширилади (Бу инсон кейинчалик СССРнинг БМТдаги вакили, 1957 йилдан 1985 йилгача СССР ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлайди).

26 июнь куни конференциянинг сўнгги кунида делегациялар томонидан 1945 йил 24 октябрдан кучга кирадиган БМТ устави имзоланади.

Шу тариқа, 1945 йил 24 октябрь куни БМТ фаолиятини расман бошлайди. Сан-Франциско конференциясига етиб бора олмай БМТ уставини 15 октябрда имзолаб, рўйхатга кейин қўшилган Польша билан бирга дунёнинг 51 давлати унинг илк таъсисчилари бўлади.

БМТнинг илк таъсисчилари ва аъзолари

1. Аргентина
2. Белоруссия ССР (ҳозир Беларусь)
3. Бразилия
4. Буюк Британия
5. Ҳаити
6. Греция
7. Дания
8. Доминикан
9. Миср
10. Британия Ҳиндистони (ҳозир Ҳиндистон)
11. Эрон
12. Хитой Республикаси (ҳозир ХХР)
13. Никарагуа
14. Куба
15. Ливан
16. Люксембург
17. Янги Зеландия
18. Парагвай
19. Перу
20. Польша
21. Сальвадор
22. Саудия Арабистони
23. Сурия
24. АҚШ
25. СССР (парчаланиб кетган)
26. Туркия
27. Украина ССР (ҳозир Украина)
28. Филиппин
29. Франция
30. Чехословакия (ҳозир Чехия ва Словакия)
31. Чили
32. Эфиопия
33. Югославия (ҳозир парчаланиб кетган)
34. Австралия
35. Бельгия
36. Боливия
37. Венесуэла
38. Гватемала
39. Ҳондурас
40. Ироқ
41. Канада
42. Колумбия
43. Коста-Рика
44. Либерия
45. Норвегия
46. Панама
47. Уругвай
48. Эквадор
49. Жанубий Африка Республикаси
50. Мексика
51. Нидерландия

Сталиннинг айёр режаси

Ўшанда, Сан-Франциско конференциясида БМТ таъсисчилари орасида СССР делегацияси билан бирга Украина ССР ва Белоруссия ССРдан борган вакилларнинг қатнашиши бежиз эмасди. 1944 йил 28 августда Думбартон-Оксда ўтказилган конференцияда СССР делегациясини бошқарган совет иттифоқининг АҚШдаги элчиси Громико янги тузиладиган ташкилотга СССРдаги барча 16та иттифоқдош республикани (ўша пайтда СССРда 16та иттифоқдош республика бўлган) аъзо қилиш ҳақида гапиради. Ўша пайтда бу таклиф Сталиндан чиққан, у БМТнинг илк таъсисчи давлатлари қаторида ўз тарафдорлари кўпроқ бўлишини хоҳлаган эди.

Орадан уч кун ўтиб, 1944 йил 1 сентябрда АҚШ президенти Франклин Рузвельт СССРнинг бу таклифига қарши эканини Сталинга маълум қилади. У СССРдаги иттифоқдош республикалар ҳатто ярим мустақил давлат эмаслиги ва шу сабабли уларни БМТга алоҳида давлат сифатида аъзо қилиш мақсадга мувофиқ бўлмаслигини айтади. Ўшанда Рузвельтни Буюк Британия ҳам қўллаб-қувватлайди.

Аммо Сталин ҳам анойи эмасди, у АҚШга БМТ таъсисчилари орасида Ҳиндистон, Янги Зеландия, Канада каби Буюк Британиянинг, Гаити, Филиппин каби АҚШнинг ярим мустақил доминионлари борлигини, бунга СССР кўз юмаётганини эслатади. Шундан сўнг улар Украина ССР ва Белоруссия ССРнинг БМТ аъзоси бўлишига рози бўлишади. Қолаверса, Сталин айёрлик билан БМТда ўз тарафдорлари кўпроқ бўлиши учун ҳаракатни анча олдин бошлаган ва бу учун СССРдаги айрим қонунларни ўзгартирган ҳамда янгиларини қабул қилган эди.

СССРда, 1944 йилда тузилган «Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги»

СССР делегацияси Думбартон-Окс конференциясида 16та иттифоқдош республикани БМТ таъсисчилари қилишга урингани бежиз эмасди. Сталин бунга БМТни тузиш ҳақида илк ғоялар берилган пайтлардан тайёргарлик кўра бошлаган эди.

1944 йилда СССРдаги иттифоқдош республикалар бирданига «мустақил давлатлар» бўлиб қолади. «Правда» газетаси 1944 йил 28 январь сонида ўша куни «Бутуниттифоқ большевиклар коммунистик партияси Марказий қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтганини, йиғилишда Халқ комиссарлари қўмитаси (Совнарком) томонидан «Иттифоқдош республикаларга мудофаа ва ички ишлар масаласида кенгроқ ҳуқуқлар бериш ҳақида» таклиф берилгани ҳамда таклиф бир овоздан қабул қилиниб, бу ҳақда қарор қабул қилингани ҳақида» хабар беради.

Хабарда ёзилишича, «СССР Олий Кенгашининг ушбу сессиясида Совнарком раиси ва ташқи ишлар вазири Вячеслав Молотов ўз докладида таклиф этган иккита, «Иттифоқ республикаларининг ҳарбий тузилмаларини шакллантириш тўғрисида» ҳамда «Иттифоқ республикаларига ташқи алоқалар соҳасида кенгроқ ваколатлар бериш тўғрисида» қонун қабул қилинади».

Шундан сўнг, иттифоқдош республикаларда 1946 йилгача фаолият кўрсатган ташқи ишлар халқ комиссарлиги ва Республика қуролли кучлари тузилади.

Думбертон-Оксда ўтказилган конференцияда Громико ана шуни асос қилиб иттифоқдош республикаларнинг ҳар бирини БМТ таъсисчилари ва аъзолари бўлишини талаб қилган эди.

СССР Олий Советининг иккита янги қарори ўшанда мамлакат бўйлаб ўтказилган йиғилишларда «СССРдаги миллий масалалар бўйича энг тўғри ечим бўлгани ва бу мамлакат раҳбариятининг Ленин ғояларидан чекинмай олға бораётганини англатиши» деб талқин қилинади.

Шундан сўнг, айрим республикаларда, масалан Украина ССРда Василий Герасименко Мудофаа вазири этиб тайинланади ва советлар армияси билан биргаликда, қисқа муддатга алоҳида Украина қуролли кучлари ҳам фаолият юритади.

Америкаликларга Сталиннинг режалари анча тушунарсиз кўринади. АҚШнинг СССРдаги элчиси Уильям Ҳарриман Оқ уйга шундай хабар жўнатганди: «СССРда иттифоқдош республикаларга мудофаа ва ташқи ишлар масаласида кенг ваколат бериляпти. Шунингдек, Марказ ҳам ўз ваколатларини сақлаб қолади. Бу жуда ғалати».

Нега айнан Украина ва Белоруссия?

Сталиннинг узоқни кўзлаб амалга ошираётган ишлари, жумладан иттифоқдош республикаларга қоғозда бўлса ҳам қисман мустақиллик бериши ҳамда ўша пайтда СССР таркибида бўлган 16та республикани БМТ таркибига тиқишга уриниши албатта АҚШ ва Буюк Британияда жиддий эътирозлар уйғотади.

Анча вақт давом этган музокаралардан сўнг, СССРнинг «уруш ғолиби» бўлишида ҳамда фашизмни тугатишда Украина ва Белоруссия муносиб ҳисса қўшгани учун улар бу икки республиканинг БМТ таъсисчилари ҳамда аъзолари сафида бўлишига кўнишади.

Содда тилда айтганда, СССР 1944 йилда, СССР Олий Совети қарори билан иттифоқдош республикаларга ташқи сиёсат ҳамда мудофаа масалаларида «эркинлик» берган бўлса ҳам АҚШ ва Буюк Британияга ўша берилган «эркинлик»ни исботлаб бера олмайди. Аммо барибир иккита республикани БМТ таъсисчилари сафига қўша олади. Аслида, СССР ўшанда иттифоқдош республикаларга ташқи ишлар ҳамда мудофаа масалаларида катта эркинлик бермагани, ҳаммаси қоғозда экани АҚШ ва Буюк Британияга маълум эди. Аммо, СССРнинг фашизм устидан ғалаба қозониши аниқ бўлиб бораётгани туфайли улар бу давлат берган таклифни батамом рад эта олмасди. Шунинг учун ҳам улар Украина ва Белоруссиянинг БМТнинг илк таъсисчилари сафида бўлишига рози бўлишади. Қолаверса, юқорида айтилгандай уларнинг ўзи ҳам ярим доминион ҳудудларни БМТ таъсисчилари орасида бўлиши учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётган эди.

Шу тариқа, Украина ва Белоруссия 1945 йил 26 июнь куни қабул қилинган БМТ уставининг таъсисчилари ва 24 октябрдан бошлаб БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлади.

Сан-Франциско конференциясида Украина делегациясини Украина ташқи ишлар халқ комиссари Дмитрий Маниульский бошқарган ва БМТ уставига у имзо чеккан.

Шу ўринда қизиқ факт шуки, Украина ва Белоруссия 1946 йилга келиб Сталин тақдим этган «ташқи сиёсат ва мудофаа ишлари»да берилган кенг ваколатлардан айрилади. Бу икки республика делегацияси БМТ йиғинларида ҳам қатнашмай қўяди. Аммо, уларнинг халқаро ташкилотдаги аъзолиги давом этаверади. Украина ва Белоруссиянинг тарих китобларида бу икки давлат БМТ таъсисчилари бўлган ҳолда ушбу ташкилотга 1945 йил 24 октябрда аъзо бўлган деб ёзилган.

Бугун Беларусь раҳбари Александр Лукашенко «Беларусь бир пайтлар БМТни тузган давлатлардан бири бўлгани» ҳақида тез-тез фахрланиб гапириб туради.

Мавзуга оид