Ўзбекистон | 12:28 / 26.06.2020
19124
4 дақиқада ўқилади

«Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Қонун фуқаро муҳофазаси соҳасидаги ҳуқуқий асосларни, фуқаро муҳофазасининг асосий вазифалари ва принципларини, фуқаро муҳофазаси давлат тизими тузилиши ва фаолиятини ташкил этишни белгилайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, Қонун аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан ва ҳарбий можаролар вақтида ёки бу можаролар оқибатида юзага келадиган хавфлардан муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади.

Фуқаро муҳофазасининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

инсонпарварлик ва бағрикенглик;

инсон ҳаёти ва соғлигини сақлаб қолиш ва атроф муҳитга етказиладиган зарарлар ҳажмини камайтириш;

фавқулодда вазиятлар хавфини ва унинг аҳолига келтирадиган зарарини минималллаштириш;

фуқаро муҳофазаси бўйича олдиндан чоралар кўриш;

аҳолининг ҳаёт хавфсизлигини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларнинг шикастловчи омилларини нейтраллаш чораларининг мутаносиблиги ва тезкорлиги;

илмий асосланганлик;

ўтказиладиган тадбирларнинг молиявий-иқтисодий мақсадга мувофиқлиги ва етарлилиги;

ошкоралик, ахборотнинг ўз вақтида берилиши ва ишончли бўлиши;

фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда ва қутқарув ишларини ташкиллаштиришда яккабошчилик қилиш.

 Фуқаро муҳофазаси вазифалари қуйидагилардан иборат:

Фуқаро муҳофазасини таъминлаш бўйича ҳуқуқий ва иқтисодий меъёрларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

республика ҳудудида эҳтимоли мавжуд фавқулодда вазиятлар ва хавфларни прогнозлаш, оқибатларини иқтисодий-ижтимоий баҳолаш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, инсонлар хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш ва технологиялардаги хавфларни камайтириш, иқтисодиёт тармоқлари фаолияти барқарорлигини ошириш;

аҳоли ва ҳудудларнинг муҳандислик, радиацион, кимёвий, тиббий-биологик муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш;

аҳолини фавқулодда вазиятлардан ва хавфлардан муҳофазаланиш усулларига ўқитиш;

фавқулодда вазиятлар ва хавфларни олдини олиш ва бартараф этишга мўлжалланган бошқарув органларини, куч ва воситаларни тайёрлаш;

фуқаро муҳофазаси ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирларини амалга ошириш учун мўлжалланган молиявий ва моддий ресурслар захирасини яратиш, тўлдириб бориш, сақлаш ва янгилаб туриш;

бошқарув, алоқа ва хабар тизимини доимий шай ҳолатда сақлаш ва ривожлантириб боришни ташкиллаштириш;

иқтисодиёт объектлари фаолияти барқарорлигини таъминлаш тадбирлари мажмуасини амалга ошириш;

аҳолини, моддий ва маданий бойликларни хавфсиз жойларга эвакуация қилиш;

фавқулодда вазиятлар ва хавфларни бартараф этиш;

фуқаро муҳофазаси хизмати ва тузилмалари шайлигини таъминлаш;

аҳолини умумий ва якка муҳофазаланиш воситалари билан таъминлаш тадбирларини ўтказиш;

фавқулодда вазиятлар ва хавфлар юзага келганда аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминлаш;

Фуқаро муҳофазаси соҳасидаги ахборотни йиғиш, қайта ишлаш, алмашиш ва узатиш;

радиацион, кимёвий ва биологик вазият устидан кузатиш ва лаборатория назоратини олиб бориш;

қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлар ва хавфлар оқибатида талафот кўрган ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш;

Фуқаро муҳофазаси соҳасида давлатлараро ҳамкорлик қилиш;

Фуқаро муҳофазаси соҳасида бошқа тадбирларни амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси фуқаро муҳофазасига умумий раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири мамлакат фуқаро муҳофазасининг бошлиғидир.

Мавзуга оид