Ўзбекистон | 12:35 / 17.11.2021
41558
2 дақиқада ўқилади

«Замдекан» можароси ортидан ТДПУ ректори ишдан олинди

«Замдекан» машмашаларидан сўнг Низомий номидаги Педагогика университети ректори ўзгарди.

Алишер Юсуфбоевич Умаров Тошкент давлат педагогика университети ректори лавозимидан озод этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 ноябрдаги қарорига кўра, Абдуғаффор Каримжонович Қирғизбоев Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ректори этиб тайинланди.

Абдуғаффор Қирғизбоев / Kun.uz

Абдуғаффор Қирғизбоев 1962 йилда Наманган вилоятида туғилган. 1985 йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини тамомлаган, мутахассислиги - тарих ва жамият ўқитувчиси. Тарих фанлари доктори, доцент. У муқаддам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси сифатида ишлаган. 2019 йил ноябридан буён Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилни ривожлантириш департаменти мудири лавозимида ишлаб келаётганди.

Муқаддам Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари бўлган Алишер Умаров 2020 йил февралида Тошкент давлат педагогика университети ректори этиб тайинланганди.

Алишер Умаров / Kun.uz

Октябрь ойи охирида ижтимоий тармоқда ТДПУ декани ўринбосари талабалардан бирига тегажоғлиқ қилгани ва талаба қиз ўзини иккинчи қаватдан ташлаб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар тарқалган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳолат юзасидан баёнот бериб, ушбу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан ҳам қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилишини маълум қилганди.

Мавзуга оид