22:56 / 26.06.2020
8526

Тошкентда гиёҳвандликка қарши кураш кунида 600 кг.дан ортиқ гиёҳванд моддалари ёқилди

26 июнь халқаро миқёсда гиёҳвандликка ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш куни этиб белгиланган. Шу куни Тошкентда 626 кг.дан ортиқ наркотик моддалар жамоатчилик вакиллари иштирокида ДХХ томонидан йўқ қилинди.

Пойтахтнинг Сергелида туманида бўлиб ўтган тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

БМТ расмийлари гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати амалга ошираётган ишларни эътироф этди.

Жараёнда бевосита қатнашган БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармаси минтақавий вакили Aшита Миталл наркотик моддаларнинг инсониятга жиддий хафв солаётгани, бу борада халқаро ҳамкорлик нечоғлик муҳим эканини гапириб ўтди.

Махсус тадбирда жами 626 кг 981 гр мусодара қилинган гиёҳвандлик моддалари халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирокида махсус печларда ёқиш йўли билан йўқ қилинди.

Хусусан, 4 кг 96 гр героин, 127 кг 154 гр опий, 25 кг 426 гр гашиш, 266 кг 35 гр марихуана, 105 кг 511 гр кўкнор, 97 кг 209 гр каннабис, 1 кг 543 гр синтетик наркотик воситалар, турли хилдаги психотроп ва психофаол моддалар ёқилди.

Top