Ўзбекистон | 08:20 / 27.06.2020
6335
4 дақиқада ўқилади

«Ўзбекгидрогеология» ислоҳ қилинади - Ҳукумат қарори лойиҳаси

Ер ости сувларидан фойдаланиш ва бошқариш тизими янада такомиллаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ер ости сувларидан фойдаланиш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг Давлат геология қўмитаси тизимидаги “Ўзбекгидрогеология” давлат унитар корхонасини “Ўзбекгидрогеология” давлат муассасасига айлантириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Қуйидагилар “Ўзбекгидрогеология” давлат муассасасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

республика ҳудудида ер ости сувлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда ер ости сув захираларини тизимли кўпайтириб боришни йўлга қўйиш;

узоқ ва қисқа муддатли дастурлар асосида регионал гидрогеологик тадқиқотлар ўтказиш, ер ости сувларини, шу жумладан чучук, кам шўрланган, минерал, термал ва саноат аҳамиятига молик ер ости сув захираларини қидириш ва баҳолаш, шунингдек улар ҳисобига аҳоли, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларини қондиришни асослаш;

соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда ер ости сувлари давлат мониторингини тизимли ташкил этиш, сувдан фойдаланиш ҳисобини самарали олиб бориш ҳамда тегишлича давлат сув кадастрини юритиш;

ер ости сувлари сифати ўзгаришини кузатиб бориш, уларнинг камайиб кетиши ва ифлосланишидан муҳофаза қилиш ҳамда улардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

соҳага илғор илмий ишланмаларни кенг жорий этиш, гидрогеологик тадқиқотлар ўтказиш услублари ва технологияларини такомиллаштириш ҳисобига ер ости сувларининг бошқариш самарадорлигини ошириш;

ер ости сувлари соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тартибларини енгиллаштириш ва тегишли жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш.

Давлат геология қўмитаси уч ой муддатда гидрогеология соҳасида илмий ишланмаларни тайёрлаш ва амалиётга жорий этиш, шунингдек гидрогеологик тадқиқотлар йўналишидаги лойиҳаларни шакллантириш, уларни сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича “Ўзбекгидрогеология” давлат муассасаси ва Геология фанлари университети ўртасида бирлашган Илмий техник кенгаш тузилишини ва унинг фаолиятини йўлга қўйишни таъминлайди.

Давлат геология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Гидрометеорология хизмати маркази билан биргаликда 2021 йилдан бошлаб республикадаги мавжуд ер ости сувларининг замонавий ҳолатини баҳолайди.

Бунда:

Геология фанлари университетининг илмий кадрлар салоҳиятини ҳамда “Ўзбекгидрогеология” давлат муассасасининг юқори малакали мутахассислари ва моддий-техник имкониятларини кенг жалб этилишига;

республикада ичимликка яроқли ер ости сувлари миқдори ва сифат жиҳатдан баҳоланишига, ташқи омиллар таъсирида юзага келган ўзгаришлар сабаби ва хусусиятларини таҳлил қилинишига;

ҳудудлар кесимида ер ости сувидан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш ҳамда уларни камайиб кетиши ва ифлосланишдан муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқилишига;

ер ости сувларини баҳолаш ишларини ҳудудлар кесимида амалий тадқиқотларни қўллаган ҳолда муфассал ўтказилишига алоҳида эътибор берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид