Сирдарё ҳамда Сурхондарёда 44 минг нафардан ортиқ ўқитувчининг 73 фоизи ўз фанидан қониқарсиз баҳо олган
ХТВ Сирдарё ҳамда Сурхондарёда ўтказилган диагностика синовларида 44 минг нафардан ортиқ ўқитувчининг 73 фоизи ўз фанидан қониқарсиз баҳо олганини маълум қилди.
«Президент ҳузурида халқ таълими тизимидаги ислоҳотларга бағишлаб ўтказилган йиғилиш давомида, мактабларда айрим педагогларнинг билими замон талабига жавоб бермаслиги танқид қилинган эди. Тан олиш керак, афсуски, узоқ йиллар давомида педагогларнинг билим савиясига деярли эътибор берилмаган. Бунинг оқибатида, айрим ўқитувчиларнинг билими ҳатто ўзи дарс берадиган фанлардан ҳам қониқарсиз ҳолатга келиб қолган.
2019/2020 ўқув йилида Сирдарё ҳамда Сурхондарё вилоятларида ўтказилган диагностика синовлари натижалари буни яққол кўрсатди. Синовларда қатнашган 44 минг нафардан ортиқ ўқитувчининг 73 фоизи ўз фанидан қониқарсиз баҳоланди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардикки, Сирдарё ва Сурхондараё вилоятларида ўтказилган синовлар, оғриқ нуқталарни аниқлаш билан бир қаторда ижобий тажрибаларни ҳам белгилашга имконият яратди», дейилади ХТВ томонидан эълон қилинган хабарда.
Таъкидланишича, Сирдарё ҳамда Сурхондарё тажрибаси асосида мактаб ўқитувчиларининг билими ва кўникмаларини ўрганиш ишларини давом эттириш топшириғидан келиб чиқиб, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Давлат тест маркази томонидан 12 та ҳудудда диагностика синовларини ўтказиш режа-жадвали тасдиқланган. Синовлар катта сиғимли биноларда, шаффоф, олий ўқув юртига кириш имтиҳонларидан сўнг ўтказилиши режалаштирилган.
Вазирликнинг билдиришича, мазкур жараён аттестация эмас, балки энг аввало, педагоглар учун ўзини баҳолашга имкониятдир.
«Синовларнинг асосий мақсади – ўқитувчиларнинг реал салоҳиятини аниқлаб, улар билан манзилли ишларни ташкил этиш. Билими бўлган ўқитувчилар учун янада кенгроқ имкониятларни яратиб берган ҳолда, уларга қўшимча дарс соатларини ажратиш орқали даромадларини ошириш ҳамда келгусида уларни малака оширишнинг муқобил шаклларига йўналтириш.
Ўз навбатида, билим савияси паст бўлган ўқитувчилар билан манзилли ишлар белгиланади. Улар учун махсус курслар ташкил этилиб, ўз билимларини яхшилаб олишлари учун имкониятлар яратилади. Бунда «онлайн касбий ривожланиш» лойиҳасига алоҳида урғу берилади.
Бироқ, барча яратилган имкониятлардан ҳам кейин ўз устида ишламаган ўқитувчиларни бошқа соҳаларга йўналтириш чоралари кўрилади. Бундай қатъий чораларсиз, мактаб таълими сифатини ошириб бўлмас эканлигини барчамиз яхши тушуниб турибмиз.
Ҳозирги карантин даврида, ўз уйидан чиқмаган ҳолатда «онлайн касбий ривожланиш» лойиҳаси ҳамда Давлат тест марказининг e-sinov порталидан кенг фойдаланишни тавсия этамиз. Шундай экан, барча устозлардан яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз устида ишлашларини ва изланишларини сўраб қоламиз», дейилади расмий хабарда.
Мавзуга оид
11:53
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15
Уч ҳудудда электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
20:01 / 01.11.2024