Жаҳон | 15:38 / 28.06.2020
16797
2 дақиқада ўқилади

Билл Гейтс инсониятни коронавирусга қарши эмлаш ҳақидаги фикрлари билан бўлишди

Microsoft асосчиси, дунёнинг 2-рақамли энг бой одами Билл Гейтс CNN телеканалига берган интервьюсида ҳозирда коронавирусдан ишлаб чиқилаётган вакциналар унинг юқишининг идеал тарзда олдини олишига кафолат йўқлигини айтди.  

Фото: Getty Images

Бироқ унинг айтишича, энг жиддий муаммо вакцинани ишлаб чиқиш ва уни тарқатиш эмас, балки одамларни у билан эмлашга кўндириш бўлади.

“Сизда танлов бўлади: вакцинага рози бўлиш ёки йўқ. Айнан шу охирги тўсиқ бўлади”, деб айтган Гейтс. Бироқ унинг таъкидлашича, аксарият одамлар эмлашга рози бўлади.

Миллиардер вакцинанинг ишлаб чиқилиши хусусида тўхталиб, уни яратаётган мутахассислар иккита кўрсаткичга таянишларини айтди: биринчидан, вакцина эмланаётган одамда вирус юқишининг олдини қандай олади, иккинчидан, у вируснинг бошқа одамларга юқишига қандай тўсқинлик қилади. 

Гейтснинг таъкидлашича, коронавирус билан боғлиқ вазият дунёда ва хусусан АҚШда у кутганидан “ёмонроқ”.

Миллиардер АҚШда касалланганлар сонининг кўпаётганини етарлича тестлаш ўтказилмаётгани, касалга чалинганлар кимлар билан мулоқот қилганлари ортидан ёмон кузатилаётгани ва аҳоли орасида ниқоблар ишлатилиши даражаси пастлиги билан боғлаган. Унинг таъкидлашича, бу вазифани самарали уддалаган бошқа давлатларда касалланиш ҳолатлари камайган. 

“АҚШда одамлар ҳозирда ўзини бу ҳолатда турлича тутмоқда: кимдир вазиятга эскича ёндашмоқда, кимдир эпидемияни рад этмоқда. Бошқалар эса юз бераётган вазиятни сиёсий нарсадек қабул қилмоқда ва бу жуда қайғулидир. Менинг дўстим, Шимолий Дакота губернаторига ҳаттоки “Илтимос, ниқоб тақиб юрганларга ёмон муносабатда бўлманг”, дейишига тўғри келди”. Бу шунчаки мияни портлатади”, деб айтган Гейтс.  

Тадбиркор АҚШнинг дунёда коронавирус муаммосини ҳал қилишда етарлича етакчилик қилмаётганидан афсус билдирган ва бунинг оқибатида касалликнинг оғир юки Бразилия ва Ҳиндистон каби ривожланаётган давлатлар гарданига тушаётганини айтган.

Бироқ Гейтс АҚШ ҳали бўлсам ҳам фаоллашиб, вакцинанинг бутун дунёга тарқатилишида ёрдам беришига умид билдиришини айтган.

Мавзуга оид