13:05 / 29.06.2020
7898

Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг Россия университетларида таҳсил олаётган талабалари ватанга олиб келинди

14 кунлик карантин давридан сўнг барча талабалар уйларига юборилади. 

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг Россия университетларида таҳсил олаётган 220 нафар талабалари Москвадан Тошкентга чартер рейс билан олиб келинди. 

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, барча талабалар Тошкент темир йўл муҳандислари институти талабалар турар жойида карантинга олинди.  

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан карантин даврида талабалар учун барча зарур маиший шароитлар яратиб берилди. Уч маҳал иссиқ овқат, онлайн тарзда ўқишни давом эттираётган талабалар учун юқори тезликдаги интернет хизмати мавжуд. 14 кунлик карантин давридан сўнг барча талабалар уйларига юборилади, дейилади хабарда. 

Шунингдек, яқин кунларда Шимолий Кавказ кон-металлургия институтида таҳсил олаётган яна 102 нафар талабанинг ватанга келишини ташкил этиш режалаштирилган.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top