Ўзбекистон | 19:52 / 30.06.2020
72751
3 дақиқада ўқилади

Президент Чироқчи ва Андижондаги воқеалар учун ички ишлар органлари раҳбарларини танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда суд-ҳуқуқ тизими танқид қилинган ва Андижон шаҳрида ҳамда Чироқчи туманида ички ишлар органлари биноларида қийноқ ҳолатлари кузатилганига муносабат билдирилган.

«Биз сўнгги уч ярим йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик. Лекин, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак.

Ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози.

Нима учун тезкор-қидирув ва терговни назорат қилувчи прокурорлар, ички ишлар раҳбарлари бунга биз айбдормиз, деб чиқиб айтмайди. Ўша ходимларнинг билимини оширмадик, қонун билан ишлаш, одамлар билан муомала қилишга ўргатмадик, деб нима учун халқдан кечирим сўрамайсизлар? Бу каби нохуш ҳолатлар такрорланмаслиги учун қайси тизим ёки ҳудудий идора раҳбари аниқ режа ёки дастур ишлаб чиқди?

Минг афсус билан айтиш керак, сизлардаги лоқайдлик ва билимсизлик ислоҳотларимизни обрўсизлантирмоқда.

Ҳозирда ушбу жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бермоқда. 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилди, яна 16 нафари интизомий жавобгарликка тортилди», деган президент.

  • Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида мол ўғирлашда гумон қилинган 32 ёшли эркак 2020 йил 23 январь ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этганди. Кейинроқ ИИБнинг бошқа ходимлари ушбу жиноятни яшириш мақсадида гувоҳларга босим ўтказгани маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, икки нафар ИИБ ходими қамоққа олингани ҳақида хабар берилди. Сўнгра фуқаронинг уриб ўлдирилишида яна 13 нафар ходимнинг қўли борлиги маълум қилинди.
  • Шунингдек, Андижонда фуқаро А.Абдукаримов ИИБдаги қийноқдан сўнг 11 июнь куни вафот этгач, беш киши ишдан олинди, 19 киши жазоланди. Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида уч нафар ички ишлар органлари ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид