АҚШ иштирокида Марказий Осиё давлатлари жамғармасини ташкил этиш таклиф қилинди
АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси раҳбари Адам Болер Марказий Осиё давлатларини ривожлантиришга йўналтирилган жамғарма ташкил этиш таклифини билдирди.
1 июль куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Адам Болер бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги ислоҳотлар, икки давлат ҳамкорлиги, Марказий Осиё давлатларини ривожлантириш масалалари хусусида сўз борди.
Учрашув давомида Адам Болер Марказий Осиё давлатларига инвестиция киритиш мақсадида регионал жамғарма ташкил этиш хусусида Ўзбекистон ҳукуматига таклиф билдирганини маълум қилди.
«Кеча Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан бўлган учрашувда Марказий Осиё регионидаги мамлакатларга инвестиция киритиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Муҳокама сессиясида Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ иштирокида регионал жамғарма ташкил этиш таклифини билдирдим. Мазкур лойиҳага кўра, Марказий Осиё давлатлари турли соҳаларга инвестиция киритиш учун муайян ҳажмда маблағ ажратади, АҚШ ҳам худди шунча миқдорда пул ажратади. Маблағлар минтақа мамлакатларини ривожлантириш учун сарфланади», дея Болернинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Сенат раиси мазкур таклифни қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Марказий Осиё давлатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бу жамғарманинг ташкил этилишини ижобий баҳолайман. Марказий Осиё давлатларининг муаммолари бир-бирига жуда ўхшаш – аёллар ва ёшлар масалалари, таълим, тадбиркорликни ривожлантириш, миграция, зўравонликдан ҳимоя қилиш кабилар.
Бундай жамғарманинг ташкил этилиши регион мамлакатларини фақат иқтисодий жиҳатдан эмас, балки ижтимоий нуқтайи назардан ривожлантиришга ёрдам беради, Марказий Осиёдаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилади», деган Танзила Норбоева.
Маълумот учун, АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) – 2019 йилда хусусий хорижий инвестициялар базасида ташкил этилган бўлиб, 60 млрд АҚШ доллари миқдорида бюджетга эга. Ташкилот тараққиётга хизмат қилувчи лойиҳаларни молиялаштириш билан шуғулланади.
Мавзуга оид
20:54
Қозоғистон баҳорда Марказий Осиё давлатларидан 11 миллиард куб метр сув олади
16:42
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
14:42
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
13:30 / 10.11.2024