Ўзбекистон | 16:04 / 01.07.2020
35816
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways авиачипталар учун тўланган суммалар қайтарилишининг янги қоидалари ҳақида маълум қилди

2020 йил 1 июлдан депозит ваучерларни расмийлаштириш амалга оширилади.

Фото: Uzbekistan Airways

2020 йил 1 июлдан авиачипталар ва хизматлар учун тўланган суммалар қайтарилишининг янги қоидалари амал қилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airways хабар берди.

Қайд этилишича, йўловчилар томонидан авиачипталар ва қўшимча хизматлар учун 2020 йил 31 декабргача тўланган суммани қайтаришни таъминлаш учун 2020 йил 1 июлдан депозит ваучерларни расмийлаштириш амалга оширилади.

Депозит ваучерини расмийлаштириш, қайтарилиши лозим бўлган чипта нархи суммасига, плюс авиачиптани харид қилган жойи бўйича шу суммадан 5 фоизга тенг бонус тақдим этилади.

“Депозит ваучерлари уларни расмийлаштириш санасидан бошлаб йил давомида йўловчилар томонидан Uzbekistan Airways АЖнинг рейсларидаги ҳар қандай бошқа ташув тўловлари ёки қўшимча хизматлар тўловлари учун фойдаланилиши мумкин”, - дейилади хабарда.

Билдирилишича, ваучерни расмийлаштириш санасидан бир йил ўтиши билан депозитнинг фойдаланилмаган суммаси йўловчига дастлабки тўлов шаклида қайтарилади.

Хабарда айтилишича, депозит ваучерларини қўллаш президент раислигида Вазирлар Маҳкамасининг карантин даврида транспорт тизими барқарорлигини таъминлаш масалалари бўйича 2020 йил 25 майдаги йиғилиши қарори асосида киритилмоқда.

Мавзуга оид