Жаҳон | 14:18
611
4 дақиқада ўқилади

Россия авиачипта брон қилишнинг Leonardo тизимини миллийлаштирмоқчи

РФда авиачипталарни брон қилиш учун мўлжалланган Leonardo тизимини ишлаб чиққан компанияда давлат билан улушни бўлишиб турган хусусий шахсларнинг активлари хатловга олинди, деб ёзади РБК.

Фото: Look/news.ru/press.media/picture alliance

РФ Бош прокуратураси «Сирена-Трэвел» компанияси — авиачипталарни брон қилишнинг Leonardo тизими ишлаб чиқувчининг хусусий мулкдорларига тегишли мол-мулкни давлатга ўтказишни талаб қилди. Бу ҳақда жума куни, 6 февралда РБК нашри Москванинг Никулин туман суди картотекасига таяниб хабар берди.

Иш тафсилотлари маълум эмас. ОАВ маълумотларига кўра, прокуратура ўз талабларини 230-ФЗ — «Давлат лавозимларини эгаллаб турган шахслар ва бошқа айрим шахслар харажатларининг улар даромадларига мувофиқлигини назорат қилиш тўғрисида»ги қонун билан асосламоқда.

РБКнинг уч манбаси Россия ҳокимияти «Сирена-Трэвел»га тегишли, хусусий шахслар ва тижорий тузилмалар ихтиёрида бўлган активларни миллийлаштиришни режалаштираётганини тасдиқлаган. Нашр суҳбатдошларидан бирига кўра, даъво аризасида кўрсатилган шахсларнинг кўчмас мулки аллақачон хатловга олинган, РФ ҳудудида бўлганларига эса мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқланган. РБК қайд этишича, РФ Бош прокуратураси одатда бундай чораларни «антикоррупцион даъволар» доирасида сўрайди.

Даъво бўйича биринчи суд мажлиси 18 февралга белгиланган. Жавобгарлар орасида, хусусан, «Сирена-Трэвел» бош директори Михаил Баскаков, унинг ўғли Иннокентий Баскаков, Расул ва Иброҳим Сулеймановлар, Константин Киви, Артур Суринов, Валерий Нестеров ва компанияда улушга эга бўлган бошқа хусусий шахслар бор, деб ёзади РБК.

«Сирена-Трэвел» — Москвада жойлашган дастурий таъминот ишлаб чиқувчи компания. У авиачипталарни брон қилишнинг Leonardo тизими, шунингдек аэропортларда йўловчи ва юк (багаж)ни рўйхатдан ўтказиш учун мўлжалланган «Астра» тизими билан танилган. Leonardo тизимидан Россиянинг йирик авиакомпаниялари кўпчилиги фойдаланади. Россия туроператорлари ассоциацияси маълумотига кўра, РФда авиачипта бронларининг 80–90 фоизи шу тизим орқали ўтади.

Leonardo’га эътибор январ ойи охирида, брон қилиш тизимидаги йирик узилиш РФнинг қатор шаҳарларида, жумладан Москвадаги Шереметево ва Санкт-Петербургдаги Пулково каби йирик ҳаво узелларида рейслар кечикиши ва бекор қилинишига сабаб бўлганидан кейин кучайган эди. Ўшанда «Сирена-Трэвел»да улушдорлардан бири бўлган давлат корпорацияси «Ростех» носозликларни «провайдер томонидаги ички техник муаммо» билан изоҳлаган.

2023 йилда «Ростех» Leonardo тизимига киберҳужумлар бўлгани, улар Россия авиакомпанияларининг ишида узилишларга олиб келганини маълум қилган. Ўшанда корпорацияда айтилишича, ҳужумларнинг мақсади Россияда авиақатновларни беқарорлаштириш бўлган, улар эса «бир нечта мамлакатлар ҳудудидан, жумладан Украинадан» амалга оширилган.

Сўнгги йилларда РФнинг Украинага ҳужуми фонида Россия ҳокимияти босқичма-босқич «мулкни қайта тақсимлаш»ни амалга ошириб, хусусий шахсларга тегишли активларни давлат мулкига ўтказмоқда. Кейин бу активлар кўпинча РФ президентига яқин деб ҳисобланган шахсларга бошқарувга ёки мулкка берилгани айтилмоқда.

Авиасоҳада шундай воқеалардан энг кўзга кўрингани — 2025 йил ёзида Домодедово аэропортининг миллийлаштирилиши бўлди. Аэропорт давлат мулкига ўтказилиб, кейин қайта сотилган, бироқ Каменшчик (аэропортнинг аввалги мулкдори) ҳали ҳам ўз активларини миллийлаштириш тўғрисидаги қарор устидан РФ Олий судида баҳслашишга уринаётгани қайд этилади. Домодедово харидори сифатида Москвадаги бошқа аэропорт — Шереметево билан боғлиқ тузилмалар кўрсатилган. Уларни эса ҳамкорлари билан бирга Путиннинг яқин дўсти деб аталадиган бизнесмен Аркадий Ротенберг назорат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид