Жаҳон | 23:39 / 02.07.2020
6464
2 дақиқада ўқилади

АҚШ сенати Ҳонгконг туфайли Хитойга қарши санкциялар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди

Аввалроқ Трамп маъмурияти ХХР вакилларига нисбатан виза чекловлари ва санкциялар жорий этилиши мумкинлигини билдирганди.

Фото: Reuters

АҚШ конгресси сенати Хитой Ҳонгконг миллий хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилгани туфайли бу мамлакатга қарши санкциялар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда USA Today нашри хабар бермоқда.

Энди қонун лойиҳаси имзолаш учун президент Дональд Трампга тақдим этилади. У бу ҳужжатни имзолаши ёки вето қўйиши мумкин.

Чоршанба куни АҚШ вакиллар палатаси юқоридаги қонуннинг қабул қилиниши ёки ижро этилишига алоқадор амалдорлар, компаниялар ва банкларга нисбатан санкция киритиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини қабул қилиш учун овоз берганди.

Аввалроқ Трамп маъмурияти ХХР вакилларига нисбатан виза чекловлари ва санкциялар жорий этилиши мумкинлигини билдирганди.

30 июнь куни ХХР раиси Си Цзиньпин Ҳонгконг миллий хавфсизлигини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг кучга кириши тўғрисидаги фармонни имзолаганди. 

Янги қонун Ҳонгконгнинг миллий хавфсизлиги хавф солувчи ҳаракатларга қарши курашга қаратилган. Бундай таҳдидларга айирмачилик, террорчилик, давлат ҳокимиятига путур етказиш ва Хитойга қарши хорижий кучлар билан тил бириктириш киради.

Қонун лойиҳаси таклиф қилиниш босқичидаёқ Ҳонгконгдаги ҳукуматга қарши кучлар ҳамда бир қатор ғарб давлатлари танқидига ва норозилигига учраганди.   

Мавзуга оид