Жамият | 20:10 / 02.07.2020
11504
6 дақиқада ўқилади

«Самарқандча тажриба». Шаҳарнинг қатор кўчалари уч кундан буён сувсиз

Самарқанд шаҳрида шу кунларда шундай «тажриба» олиб борилдики, бунда сувдан фойдаланувчилар «тажриба қуёни» ролида бўлишди десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Воқеанинг бошланиши
«Самарқанд сув таъминоти» корхонаси фейсбукдаги саҳифасида куз-қиш мавсумига тайёрланиш муносабати билан 29 июнь куни соат 23:00дан 30 июнь соат 23:00гача Самарқанд шаҳрининг Темирйўл вокзали атрофидаги ҳудудларда, қисман Боғишамол, Беруний кўчасида, А, В микрорайонларида, собиқ Гагарин кўчаси, Қорасув массивидаги «Обод маскан» маҳалласида, шунингдек, шаҳарга туташ ҳудудларда сув вақтинчалик ўчирилиши ҳақида хабар берган эди. Бу хабардан сўнг самарқандликлар бир суткага етадиган сув жамғаришди, аммо...

Биринчи кун ўтиб, 30 июнь куни айтилган вақтда жўмракдан бир томчи ҳам сув тушмади. Балки бизнинг уйимизга уланган водопровод тармоғида узилиш бўлгандир деган ўйда қўшниларникига чиқдик. Уларнинг уйида ҳам бизнинг уйдаги каби ҳолат эди. Дўкондан олиб келинган сувга юз-қўлни чайиб, эрталаб уйғонганимизда сув бўлар, деган яхши ниятда ухлашга ётдик.

Иккинчи кун ҳам тугаб, 1 июль тонгида юқорида саналган кўчаларда яшовчилар эрталабдан сув излаб сарсон бўлишди. Вазиятнинг сабабини билиш учун тегишли ташкилотларга қўнғироқ қилишга уриндик. «Самарқанд сув таъминоти» корхонасининг телефонларига уланишнинг иложи бўлмади. Турли масъул идораларга сим қоқавериб, ниҳоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасининг диспетчерига уланишга муваффақ бўлдик ва у ҳолатдан хабари борлиги, катта таъмирлаш ишлари кетаётгани боис икки соатдан сўнг сувдан узилган барча тармоқларга сув берилишини айтиб, бизни хурсанд қилди.

Икки соат тугул, кун ярмига бориб ҳам сув бўлмади. Яна тегишли ташкилотларга боғланиш учун самарасиз уринишлар... Қизиқ, тармоқ соатлаб банд бўлдимикан ёки телефон атайлаб автомат тарзда жавоб бериладиган қилиб қўйилдимикан?

Бу пайтда ижтимоий тармоқларда аҳолининг ушбу воқеа юзасидан эътирозлари пайдо бўла бошлади. Тармоқда сурат ўрнига «Самарқанд вилоят сув оқова» рамзи туширилган фойдаланувчининг пости кўчириб босилди. Унда жумладан шундай дейилади: «Катта ҳажмдаги ишлар олиб борилаётгани боис «Самарқанд сув таъминоти» ДУК эълонда белгиланган вақтда ишни бажаришга улгурмайди. Гагарин, Рўдакий, Лоҳутий, Набиев, Фарҳод, Шота Руставели, Мирзо Улуғбек кўчасининг бир қисми, Навоий проспекти, Линия орти кўчаларида сув таъминоти соат 13:00да тикланади. «Самарқанд сув таъминоти» ДУК вақтинча сув етказиб беради».

Истеъмолчилар бу ваъдага ҳам ишонишди. Бироқ, 1 июль куни кеч соат 24:00гача ҳам аҳолига сув етказиб берилмади.

Учинчи кун. 2 июль тонги ҳам сувсизлик билан бошланди. «Дом»да яшайдиганлар яхши билишади, ярим кун сув бўлмаса канализация қувурларидан бадбўй ҳид тарқала бошлайди. Уч кундан буён йиғилиб қолган идиш-товоқлар ҳақида-ку, гапирмасак ҳам бўлади. Эрталабдан қўлида челак тутганча кўчада сув излаб чиққанларга кўзимиз тушди, улар сафига ўзимиз ҳам қўшилдик.

Сув таъминоти учун жавобгар ташкилотларга қўнғироқларимиз ҳавога учди – яна ҳеч ким гўшакни кўтармади. Коммунал бошқарма диспетчерига уланиб, унга бугун учинчи кундирки сув йўқлигини, бундан бошқармадагиларнинг хабари бор-йўқлигини сўрадик. Шу куни хизматда бўлган диспетчер қўпол тарзда таъмирлаш ишлари кетаётганини айтиб, буйруқ оҳангида «Кутинг, келадида сув» деди. Истеъмолчи сифатида бу бизнинг ҳамиятимизга тегди.

Шаҳар ҳокимлигига қўнғироқ қилдик, аммо улар билан ҳам боғланишнинг иложи бўлмади. Ниҳоят, соат 09:32да вилоят ҳокимлигининг телефон рақами билан боғланишга муваффақ бўлдик. Ўзини Бахтиёр деб таништирган ходимга вазиятни тушунтириб, аҳолига ёрдам берилишини сўрадик. У тармоқда таъмирлаш ишлари кетаётгани, яқин икки соат ичида сув берилиши ҳақида ваъда берди.

Бу орада ижтимоий тармоқда самарқандликлар гуруҳлари фойдаланувчиларнинг сув йўқлигидан шикоят қилган постлари билан тўлди:

Уч кундирки уйимизда сув йўқ. Ёш болалиларга жуда қийин бўляпти. Кимдир бунга жавоб берадими?

– Бу қандай масъулиятсизлик? Наҳотки халқни алдашаётганидан уялишмаяпти? Сувни қачон улашади?

– Уч кундирки сув берилишини кутамиз. Аммо шаҳар сув оқова ташкилоти қўнғироқларга жавоб бермаяпти.

– Виждон борми сизларда? Маданият кўчасига келиб, пул йиғиб берсанглар, сувни улаб берамиз дейишди...

Бу каби изоҳларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо «Самарқанд сув таъминоти» ДУК масъул ходимлари бу каби эътирозларни эшитмаслик учун қулоқларига пахта тиқиб олган кўринади. Акс ҳолда аллақачон керакли чоралар кўрилган бўларди.

Юқорида биз самарқандликлар устида тажриба олиб борилгани ҳақида истеҳзо билан сўз юритган эдик. Масъуллар уч кундан буён шаҳар аҳолисини сувсиз қолдириш билан гўё одамларнинг бу синовга қанча вақтгача бардош беришини синамоқчидек. Ушбу гаплар ёзилаётганида соат миллари 2 июль ҳолатида 15:50ни кўрсатмоқда. Аммо ҳамон Самарқанд шаҳри аҳолисининг аксар қисми сувсиз қолмоқда.

Дилфуза Зарипова, журналист

Мавзуга оид