Ўзбекистон | 20:15 / 02.07.2020
57933
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари қамоққа олинди

У 50 минг долларлик пора иши бўйича фигурантлардан бири экани маълум бўлди.

Бир неча кун аввал Чилонзор туман ҳокимлиги бўлим бошлиғи тадбиркорга ерга эгалик ҳуқуқини расмийлаштириб бериш учун 50 минг доллар пора олаётганида қўлга олинганди. Хабарда ҳокимлик вакили тадбиркорга 1 гектар ерга эгалик ҳуқуқини расмийлаштириб бериш эвазига 1,4 миллион доллар сўрагани айтилганди.

Ушбу иш доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари ҳам қамоққа олинган. Бу ҳақдаги маълумотни Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz`га тасдиқлади.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мансабдори – Б.А. (1968 й.т.) 24 июнь куни юқорида қайд этилган мақсад билан 50 минг доллар пора олган вақтида ДХХ ва шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Бир кун ўтиб, 25 июнда Чилонзор туман ҳокимлиги бўлим бошлиғи Х.Ш. (1985 й.т.) ҳам ҳибсга олинган — тезкор тадбир давомида Б.А. пулларни Х.Ш.га олиб бориб бергани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210- (пора олиш) ва 212-моддалари (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган, айбланувчилар ҳибсда сақланмоқда.

Мавзуга оид