16:39 / 03.07.2020
7364

Тошкентда «Футбол мутахассисларини тайёрлаш маркази» очилди

Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш ва соҳани ривожлантириш учун «Бунёдкор» стадиони ҳудудида «Футбол мутахассисларини тайёрлаш маркази» ташкил қилинди.

Марказ Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида ташкил этилди.

3 июль куни марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

«Футболнинг бугунги ривожланиш тенденцияси мамлакатимизда яратилган футбол инфратузилмасини малакали спорт менежерларини тайёрлаш тизимига мослаштиришни талаб қилмоқда. Шу сабабли, футболимизни атрофлича таҳлил қилиш натижасида маҳоратли мутахассислар етишмаслиги, замонавий футболга зарур бўлган яна бир қатор йўналишлар бўйича мутахассислар камлиги аниқланди. Буни инобатга олган ҳолда, «Бунёдкор» стадионида «Футбол мутахассисларини тайёрлаш маркази» ташкил этилди», дейди ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов.

Марказда етти йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлаб борилади. Улар:

•Мураббийлар;

•Селекционерлар;

•Футбол таҳлилчилари;

•Ҳакамлар;

•Футбол менежерлари;

•Психологлар;

•Маркетологлар.

Футбол мутахассисларини тайёрлаш марказининг устувор вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

Халқаро талаб ва стандартлар асосида футбол бўйича рақобатдош ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш;

Халқаро футбол ташкилотлари дастурлари ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда тренерлик таълими бўйича инструкторларни тайёрлаш юзасидан ихтисослаштирилган курсларни ташкил этиш;

ФИФА, УЕФА ва ОФК ларнинг тренерлар тайёрлаш бўйича етакчи хорижий марказларда Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакилларининг стажировкасини ташкил этиш;

Мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришга илғор илмий-Методик ва инновацион технологияларни жорий этиш.

Top