Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
10та давлат ўрмон хўжалиги дориворчиликка ихтисослаштирилади, янги марказ ташкил этилади - Президент қарори лойиҳаси
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузурида Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий ишлаб чиқариш маркази фаолияти ташкил этилади.
Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузуридаги Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий ишлаб чиқариш маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фанлар академиясининг:
“Шифобахш” доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий ишлаб чиқариш маркази”ни;
Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармаларида 2 та штат бирлигидан иборат бўлган Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашни назорат қилиш бўлимларини ташкил этиш;
Марказга Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти таркибидаги “Доривор ўсимликлар деҳқончилиги” ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника боғининг “Доривор ўсимликлар интродукцияси” лабораторияларини ҳамда Ўсимлик моддалари кимёси институтининг ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий тадқиқот институтининг дориворчиликка ихтисослаштирилган лабораторияларини бирлаштириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.
Қуйидагилар:
а) “Каврак етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар”, “Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари” уюшмалари ҳамда “Шафран” илмий тадқиқот МЧЖ раҳбар органларининг ушбу ташкилотларни тугатиш ҳақидаги қарорлари маълумот учун қабул қилинади;
Марказга тугатилаётган “Каврак етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар”, “Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари” уюшмалари ва “Шафран” илмий тадқиқот МЧЖнинг вазифалари ҳамда ваколатлари берилиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
б) Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида:
Нукус, Хўжайли, Қоракўл, Бахмал, Зомин, Китоб, Узун, Бойсун, Бурчмулла, Оҳангарон давлат ўрмон хўжаликлари дориворчиликка ихтисослаштирилади;
Ғаллаорол, Чортоқ, Сардоба, Хонобод ихтисослашган давлат ўрмон хўжаликлари ташкил этилади.
Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
ўрмон фонди ерларида ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар ареалларини ўрганиш ва захираларини аниқлаш, мавжуд биоресурслар генофондини сақлаш, оналик плантацияларини ташкил этиш, уруғлик материалларини етиштириш ва тайёрлаш, кўпайтириш, коллекцион питомниклар ташкил этиш ҳамда уларнинг хомашёларини қайта ишлаш билан боғлиқ илмий ва амалий тадқиқотларни олиб бориш;
олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида танланган доривор ўсимликларни муайян тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда ўрмон фонди ерларида маданий ҳолда етиштиришни йўлга қўйиш, саноат плантацияларини барпо этиш бўйича аниқ илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;
ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олиб, маданий ҳолда етиштириладиган доривор ўсимликларнинг агротехнологик хариталарини ишлаб чиқиш;
ўрмон фонди ерларида доривор ўсимликларни етиштириш, тайёрлаш, улардан оқилона фойдаланишнинг ягона стратегиясини шакллантириш ва амалга ошириш;
ўрмон фонди ерларида доривор ўсимликларнинг қатъий ҳисобини юритиш;
ривожланган хориж давлатлари тажрибасини ўрганиш, илғор технологияларни ва инновацион ғояларни соҳага жорий этиш тизимларини ишлаб чиқиш;
етиштирилган хомашёни кимёвий таҳлил қилиш ва уларнинг сифат ва миқдор кўрсаткичларини аниқлаш;
тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳудудлар кесимида доривор ўсимликларни жойлаштириш;
доривор ўсимликшунослик ва фармацевтика соҳаси ривожланган хорижий давлатларнинг илмий марказлари мутахассислари билан ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш;
доривор ўсимликларни етиштириш ва улардан дори воситаларини ишлаб чиқариш мақсадида маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг инвестицияларини, халқаро молия институтларининг грантларини жалб этиш;
ўрмон фонди ерларида доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
ўрмон фонди ерларида Ўзбекистон Республикаси Кизил китобига киритилмаган ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар хомашёсини йиғиш, териш, ғамлаш учун юридик ва жисмоний шахсларга рухсатномалар бериш;
дориворчилик соҳаси бўйича мутахассисларни ўқитиш учун ўқув дастурларини тайёрлаш ва ўқитиш тизимини ташкил этиш;
иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш билан боғлиқ бўлган Ҳукумат қарорларини дориворчилик соҳасига татбиқ этиш, уларнинг бажарилишида амалий ёрдам кўрсатиш.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг:
Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Дархон қўрғони, Чимкент йўли кўчаси, 2-уйда жойлашган Тошкент тумани ўрмон хўжалиги коллежининг фойдаланмасдан турган бино ва иншоотларини оператив бошқарув ҳуқуқи билан Марказга бериш;
Тошкент шаҳри, Бектемир тумани, Олтинтопган кўчаси, 15-уйда жойлашган “Шифобахш” доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш марказининг бино ва иншоотларида давлат-хусусий шериклик асосида “PARADISE FLORA” МЧЖ (Тошкент шаҳри) билан Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш кластерини ташкил этиш ҳамда халқ табобатининг фитотерапия йўналиши бўйича фаолият юритиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.
Мавзуга оид
18:34 / 26.04.2026
“Дача”ларнинг электрон базасини яратиш ва ижара нархларини назорат қилиш режалаштирилмоқда
09:35 / 01.04.2026
Мобил тарифларга янги талаблар жорий этилиши мумкин
08:11 / 18.03.2026
Битирувчилар учун 3 йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин
11:59 / 17.12.2025