Ўзбекистон | 18:23 / 06.07.2020
25446
4 дақиқада ўқилади

Карантин даврида ўқув марказлари фаолияти қандай ташкил этилади?

Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига оз вақт қолиб, абитуриентларнинг тайёрланиши муҳим бўлиб турган пайтда, ўқув марказлари фаолиятига талаб ортади. Kun.uz мухбири карантин шароитида ўқув марказлари фаолиятининг қандай ташкил этилиши юзасидан маълумот жамлади.

Фақат «яшил» ҳудудлардагина мумкин

Республика махсус комиссиясининг карантин чекловларини юмшатиш бўйича қарори асосида 5 июнь санасидан бошлаб «яшил» тоифадаги ҳудудларда таълим марказлари ва тўгараклар фаолиятига рухсат берилган эди.

Аммо ҳудудлар тоифаларининг тез-тез ўзгариш туриши кўплаб тадбиркорлик субъектлари қаторида ўқув марказлари фаолиятида ҳам муаммолар туғдирмоқда.

Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати ходими Шавкат Хўжақулов «сариқ» ва «қизил» ҳудудлардаги марказ ва тўгараклар ҳозирча ўз дарсларини онлайн шаклда ташкил этиши лозимлигини таъкидлади.

Ўқув марказлари ва тўгараклар фаолиятига талаблар

Махсус комиссия «яшил» ҳудудлардаги ўқув марказлари ва тўгараклар фаолиятини ташкил этишда қуйидаги талабларни қўйган:

  • дарсларни 10 кишидан кўп бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш;
  • машғулотлар вақтини олдиндан келишган ҳолда белгилаш;
  • ходимлар ва болаларнинг соғлигини доимий назорат қилиб бориш (тана ҳароратини мунтазам ўлчаб бориш);
  • инфекция аломатлари мавжуд ходимлар ва болаларни машғулотлардан четлатиш;
  • санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш.

Марказ ва тўгараклар фаолияти СЭС назоратида бўлади

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бозоровнинг маълумот беришича, «яшил» ҳудуддаги ўқув марказлари фаолиятини тиклашдан аввал ҳудудий СЭСга мурожаат қилиши керак бўлади.

«Ўқув маркази жойлашган ҳудуд «яшил» тоифага киритилган бўлса, марказ раҳбари ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик бўлимига мурожаат қилади.

Ҳудудий СЭС ўқув марказига бориб, ўрганган ҳолда, санитария қоидаларига риоя қилиш бўйича тегишли кўрсатмаларни беради. Шундан кейингина марказ фаолиятини бошлаши мумкин.

СЭС марказнинг белгиланган нормаларга риоя этилишини назорат қилиб боради.

Яна бир муҳим жиҳат. Ўқув маркази ҳудудида санитария, дезинфекция тадбирларини олиб бориш бўйича марказ раҳбарияти айнан СЭС билан шартнома қилиши мажбурий эмас. У истаса хусусий санитария хизматлари билан келишган ҳолда, истаса керакли дезинфекцион ускуна ва воситаларни харид қилиб, ўзи дезинфекция ишларини амалга ошириши мумкин. Муҳими, барча санитария нормаларига амал қилиниши лозим», – деди Муҳаммаджон Бозоров.

Солиқ имтиёзлари сақлаб қолинади

Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, «яшил» тоифага киритилган ҳудудда ўқув маркази ва тўгараклар ўз фаолиятини тиклаган тақдирда ҳам уларга юридик шахс сифатида карантин даврида берилган имтиёзлар сақлаб қолинади.

«Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун берилган солиқ имтиёзлари туман ва шаҳарлар қайси ҳудуд тоифасига киришидан қатьи назар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилади», – дейилади ДСҚ ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда кичик тадбиркорлик субъектлари мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинган.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид