Ўзбекистон | 23:35 / 06.07.2020
25898
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 86 ёшли бемор коронавирус туфайли вафот этди

19 июнь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган 86 ёшли бемор коронавирус туфайли оламдан ўтди. Бу Ўзбекистонда коронавирус туфайли қайд этилган 37-ўлим ҳолати бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирус инфекциясига чалинган 86 ёшли бемор юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани тўғрисида хабар берди.

«Чилонзор туманида яшовчи 86 ёшли З.Р. жорий йил 19 июнь куни қон босими юқорилиги, нутқи ўзгариши, қўл ва оёқлардаги кучсизлик сабаб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган. 

27 июнь куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли ушбу марказнинг реанимация бўлимига ўтказилган.

Унга инсульт, бош мия шиши, гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, ўткир юрак ва  нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган. 

Коронавирусга чалинган ушбу бемор (аёл) 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида гипертония касаллиги билан оғриб келган.

Марказ мутахассислари томонидан қатор консультация ва консилиумлар ўтказилиб, даволашнинг доимий назорати таъминланган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор мия шиши, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Ўзбекистонда бугун коронавирусдан 3та ўлим ҳолати (қаторасига иккинчи кун) қайд этилди ва жами ўлимлар сони 37тага етди. 

Ҳозиргача Тошкентда 23, Наманганда 4, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё ва Жиззахда 2тадан, Фарғона ва Қашқадарёда биттадан ўлим рўй берди.

 

Мавзуга оид