Ўзбекистон | 14:29 / 07.07.2020
44468
5 дақиқада ўқилади

Депутат тонировка учун тўловларни арзонлаштиришни таклиф этди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев телеграм каналида ёзнинг жазирама қуёши нурларидан сақланиш учун автомобиллар ойнасини қорайтиришга енгилликлар бериш таклифини илгари сурди.

«Маълумки, Ўзбекистон географик жиҳатдан нисбатан иссиқ ҳудудда жойлашган. Шу боис, сўнгги пайтларда жамоатчилик томонидан енгил автотранспорт воситалари ойналарининг қорайтириш (тонировка) билан боғлиқ амалдаги тартиб юзасидан кўплаб эътирозлар, фикр ва таклифлар билдирилмоқда.

Ўрганишлар шуни кўрсатaдики, одатда йилнинг иссиқ мавсумида ҳавонинг юқори ҳарорати ва қуёшнинг жазирама иссиғи ҳайдовчи ва транспортдан фойдаланувчилар учун кескин ноқулайлик туғдиради. Натижада, фуқароларнинг иқтисодий фаоллиги ва меҳнат самарадорлиги 1 фоиздан 15 фоизгача пасайишига олиб келиши мумкин экан.

Тонировка эса автомобиль ичидаги ҳаво ҳароратини 60 фоизга камайтириб, совитиш тизими нормал ишлашига шароит яратади ҳамда ҳайдовчи ва транспорт фойдаланувчиларига иссиқ мавсумда қулайлик яратилади. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг иқтисодий фаоллиги ва самарадорлиги ошишига ижобий таъсир кўрсатиб, мамлакат иқтисодига қўшимча ўн миллионлаб доллар фойда келтириши мумкин (Бугунги пандемия сабаб инқирозда бу биз учун айни муддао эмасми?)

Бундан ташқари, олимлар фикрича қуёш нурлари остида узоқ бўлиш ва ҳаркатланиш ҳам инсон терисининг қуруқшаб, қариб боришига, терида доғлар пайдо бўлишига, кўзнинг тўрпардаси зарарланишига ҳамда тери саратонига сабаб бўлиши мумкинлиги ўз исботини топган. Сифатли тонировка эса инсонларни қуёшнинг тик нурларидан сақлаш ва ультрабинафша (UV) нурларининг хатарли таъсиридан ҳимоялашда 99 фоизгача самара беради.

Таҳлиллардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, иссиқ мавсумда тонировкадан фойдаланишга рухсат бериш иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан давлат учун ҳам фуқаролар учун ҳам фойдалидир. Aммо aмалдаги тартибга кўра белгиланган тўлов миқдорлари тонировкага ҳақиқатда эҳтиёжи бўлган кўплаб ҳайдовчиларга қимматлик қилмоқда.

Модомики, ҳукумат тонировка учун белгиланган тўловларни буткул бекор қилишни истамас экан, ҳеч бўлмаса тўловларни арзонлаштириш, енгиллаштириш орқали компромисс қилиши керак. Тонировкадан фойдаланиш тартибига бироз бўлса ҳам ижтимоий тенглик ва адолат принципини сингдириш лозим.

Шуни ҳисобга олиб, йилнинг иссиқ мавсумида (1 майдан 30 сентябргача, чунки асосан шу пайтда тонировкага реал эҳтиёж сезилади) БҲМнинг 10 баравари миқдоридаги тўлов эвазига (манга қолса бепул бўлиши керак, лекин шунисига ҳам кўпчилик рози ҳозир) автотранспорт воситасининг орқа (100 фоиз) ва олд ён (30 фоиз) ойналарини тонировка қилишга рухсат бериш тартибини жорий қилиш мақсадга мувофиқ.

Бу бўйича ўз таклиф ва таҳлилларимизни ҳукуматга ҳам юбордик. Умид қиламанки, таклифларимизга масъул идоралар бефарқ бўлмай, ўрганиб чиқадилар ҳамда инобатга оладилар. Чунки ҳар мавсумда миллиардлаб қўшимча тушум, иқтисодий фаоллик ва меҳнат самарадорлиги ўсиши, янги иш ўринлари давлат иқтисодига ижобий таъсир кўрсатса, жисмоний қулайлик ва соғлиққа хавфли нурланишдан ҳимояланиш фуқаролар талабларини қондиради», — деб ёзади депутат.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 августдаги 646-сонли қарори билан тонировкага рухсат берилганди.

Тонировканинг ёруғлик ўтказувчанлик даражаси қуйидагича белгиланди:

  • орқа ойна (лобовой) – 100 фоизгача;
  • орқа ён ойна (орқа эшик) – 100 фоизгача;
  • олд ён ойнага (ҳайдовчининг ёни) – 50 фоизгача;
  • олд ойнанинг тепа қисмидан 14 см полоса – 100 фоизгача;
  • туристик автобус, микроавтобус ва минивен ён ойналари – 50 фоизгача.

Тонировка нархлари:

  • Орқа ойна (лобовой) учун: текин (рухсатнома олиш шартмас);
  • Олд ойнанинг тепа қисмидан 14 сантиметр полоса – текин (рухсатнома олиш шартмас).

Орқа ён ойна (орқа эшик) учун:

  • жисмоний шахсларга — 10 баробар (2 миллион 230 минг сўм);
  • юридик шахсларга — 10 баробар (2 миллион 230 минг сўм);
  • хорижий ташкилотларга — 20 баробар (4 миллион 460 минг сўм).

Олд ва орқа ён ойналар учун (барча ён ойналар):

  • жисмоний шахсларга — 50 баробар (11 миллион 150 минг сўм);
  • юридик шахсларга — 50 баробар (11 миллион 150 минг сўм);
  • хорижий ташкилотларга — 80 баробар (17 миллион 840 минг сўм).

Туристик автобуслар ҳам 50 баробар (11 миллион 150 минг сўм) миқдорида.

Мавзуга оид