Жаҳон | 22:02 / 08.07.2020
11592
3 дақиқада ўқилади

ФҚБ раҳбари АҚШ учун бош хавфни маълум қилди  

АҚШнинг Федерал қидирувлар бюроси раҳбари Кристофер Рэй Хитойни узоқ муддатли истиқболда АҚШ учун бош хавф деб атади. У бу ҳақда Вашингтондаги Гудзон институтидаги чиқиши вақтида айтиб ўтган. 

“Хитой томонидан амалга оширилган жосуслик ва ўғриликлар АҚШ учун энг катта узоқ муддатли хавфни билдиради”, деб айтган Рэй.

Унинг таъкидлашича, Хитой ҳар қандай воситалар билан ягона ҳукмрон давлатга айланишга ҳаракат қилмоқда. ФҚБ директори ўз нутқида Хитойнинг АҚШ сиёсатига аралашувини тасвирлаб берган. Бу аралашув иқтисодий жосуслик, маълумотлар ва маблағлар ўғирланиши ҳамда таъсир қилишнинг коррупциявий усулларини ўз ичига олади. 

Рэйнинг айтишича, “бу борада шундай нуқтага етилганки, ФҚБ Хитойга нисбатан ҳар 10 соатда янги контрразведка иши очмоқда, АҚШда контрразведка олиб бораётган 5 мингта ишдан деярли ярми Хитой билан боғланган”.

ФҚБ директори ўз нутқида Хитой президенти Си Цзиньпин ташаббус билдирган ва хорижда яшовчи хитойликларни қидиришга қаратилган “Тулкиларга ов” деб номланган дастурни эслаб ўтган. “Гап сиёсий рақиблар, диссидентлар ва Хитойдаги инсон ҳуқуқлари бузилишини фош қилишга интилаётган танқидчилар ҳақида бормоқда. Хитой ҳукумати уларнинг ортга қайтишини истамоқда ва унинг бунга эришишда қўллаётган усуллари карахт ҳолга солади”, деб айтган Рэй.

“Тулкиларга ов” дастури 2015 йилда йўлга қўйилган ва АҚШ маълумотларига кўра, унинг доирасида минглаб хитойлик қочқинлар ушланган. Пекинда ушбу дастур коррупцияга қарши кампания сифатида таърифланиб, ҳар қандай йўл билан ҳимоя қилинади.    

Рэй, шунингдек, Хитой разведкаси бундай қочқинларни излашда қўллаган усуллар ҳақида ҳам сўзлаб ўтган. “Улар нишонга олинганлардан бирини топа олмаганда, Хитой ҳукумати АҚШдаги диссидентнинг оиласига агент жўнатган. У диссидент оиласига қандай хабар етказган? Диссидентда иккита йўл бўлган: Хитойга қайтиш ёки ўз жонига қасд қилиш”, деб таъкидлаб ўтган ФҚБ раҳбари.  

Мавзуга оид