Жаҳон | 20:18 / 08.07.2020
8688
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Инга жанубий кореялик собиқ ҳарбий асирларга 35 минг доллар тўлаш мажбурияти қўйилди

Фото: ASSOCIATED PRESS

Сеул округ суди Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин икки нафар жанубий кореялик собиқ ҳарбий асирга товон пули тўлаши кераклиги ҳақида қарор чиқарди. Бу Жанубий Корея судлари амалиётида биринчи шундай қарор бўлди. 

Товон пули тўланиши керак бўлган собиқ асирлар Хан Чжэ Боку ва Ро Са Хонгу ҳозирда мос равишда 87 ва 90 ёшда бўлиб, уларнинг иккиси ҳам 1950-1953 йиллардаги Корея урушида иштирок этган ва асирга олинган. Уруш тугагандан кейин улар 33 ойлик муддатга мажбурий ишларга жўнатилган. Шундан кейин улар яна ўнлаб йиллар Шимолий Кореянинг кўмир конларида ишлашга мажбур қилинган.

Иккала асир ҳам 2000-йилларда Шимолий Кореядан қочишга муваффақ бўлган. Шундан кейин улар Шимолий Корея тузуми устидан судга арз қилишган. Жабрдийдаларнинг адвокатлари улар учун 145 минг доллардан товон пули тўланишини талаб қилишган. Бироқ Сеул суди Ким Чен Ин Шимолий Корея тузуми қилмишлари учун қисман жавобгарлиги, собиқ асирларга нисбатан қатағон Шимолий Корея етакчисининг отаси ва бобоси вақтида қўллангани ҳақида қарор чиқарган. Шу сабабли Ким Чен Инга асирларга 17570 доллардан товон пули тўлаш мажбурияти қўйилган. 

Бироқ суд қарори қандай қилиб ижро этилиши номаълумлигича қолмоқда. Жабрланувчилар адвокатларининг таъкидлашича, эҳтимол бу пуллар Жанубий Корея Шимолий Корея давлат агентликларига фото, видео ва бошқа материалларни қўллагани учун тўлайдиган пуллардан ундирилади. Ҳозирда бу маблағларга эгалик қилувчи жамғарма Жанубий Корея суди назоратида ҳисобланади. 

Мавзуга оид