Навоий вилоятида коронавирусдан иккинчи ўлим рўй берди
Навоийда 30 июнь куни коронавирусдан зарарланиш ҳолати тасдиқланган 52 ёшли бемор 8 июль куни оламдан ўтди. Бу Навоий вилоятида коронавирус туфайли қайд этилган иккинчи ўлим ҳолати бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус инфекциясига чалинган навоийлик бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани тўғрисида хабар берди.
«Навоий шаҳрида яшовчи 52 ёшли Б.А. (эркак) жорий йил 30 июнь куни тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага Covid-19 инфекциясига гумон билан олиб келинган.
Унга Covid-19, икки томонлама бронхопневмониянинг ўта оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигининг 3-4-даражаси, ўткир бош мия ва ўпка шиши асоратлари билан кечган.
Бемор бундан аввал гипертония касаллигининг 3-даражаси, артериал гипертензия, семизликнинг 4-даражаси ташхиси билан даволаниб юрган.
Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мутахассислар томонидан консультация қилинган, даволаш жараёни шифокорлар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги, ўткир бош мия ва ўпка шиши оқибатида вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Бугун Ўзбекистонда коронавирус туфайли яна 4 ўлим ҳолати қайд этилди ва жами қурбонлар сони 44тага етди.
Пандемия даврида шу вақтгача Тошкентда 26, Наманганда 4, Самарқандда 3, Бухоро, Сурхондарё ва Жиззахда 2тадан, Фарғона, Қашқадарё, Навоий ва Қорақалпоғистонда биттадан ўлим рўй берганди.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда 6 июль куни Навоийда коронавирус беморларидан бири вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Бу хабар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 7 июль куни кечқурун тасдиқланди.
Мавзуга оид
12:16 / 01.11.2024
Навоийда одамлар даромадини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди
21:27 / 31.10.2024
Навоий давлат университети ташкил этилди
21:16 / 31.10.2024
Президент Навоий вилоятида йирик ва стратегик лойиҳалар билан танишди
16:28 / 31.10.2024