20 кунлик карантинда бошқа профилдаги шифохоналар ўз режимига қайтиши кутилмоқда
8 июль куни АОКАда Махсус комиссиянинг карантинни кучайтириш ҳақидаги қарори юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда коронавирусга мослаштирилган бошқа профилдаги тиббиёт муассасалари, хусусан, кардиология шифохоналари ўз режимига қайтиши масаласи кўтарилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда юрак-қон томир касалликларидан ўлим кўрсаткичи ўтган йили 60,3 фоизни ташкил этган. Кардиология хасталиклари билан касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари энг юқори ҳисобланади.
«Барча вилоятларда таркибида шошилинч тиббий хизмат бўлган кардиология илмий маркази бўлимлари мавжуд. Улар коронавирусни даволаш учун қайта мослаштирилмаган.
Тошкенда 7та кардиология муассасаси мавжуд бўлиб, улардан фақат биттаси коронавирусни даволаш учун мослаштирилди. Қолганлари кардиология тизимида ишлашда давом этмоқда», дея тиббиёт фанлари номзоди, профессор Анвар Алимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълум қилинишича, 10 июлдан 1 августга қадар давом этадиган 20 кунлик қатъий карантин даврида коронавирусга мослаштирилган бошқа профилдаги шифохоналарни бўшатиб олиш кутилмоқда.
«Касалликни енгил кечираётган беморларни уйда даволаш режимини жорий этиш соғлиқни сақлаш тизимини «енгиллатиб олиш», вирусни даволаш учун мўлжалланган шифохоналарнигина сақлаб қолган ҳолда, бошқа профилдаги касалхоналарни бўшатиб олиш имконини беради.
Коронавирус беморларининг 50 фоизини уйда даволашга ўтсак, катта ютуқ бўлади. Ҳозирги карантинда тиббиёт тизимининг имкониятларини чамалаб олиш, бошқа ихтисосликдаги тиббий хизматларни ўз профилига йўналтириш имконини беради», дейди Алимов.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов Зангиота туманидаги даволаш муассасаси коронавирус беморларини даволашда асосий юкни ўзига олиши кутилаётганини айтиб ўтди.
«Коронавирусни енгил ўтказаётган беморлар уйда даволанса, қолган беморларни Зангиотадаги даволаш муассасаси ўзига олиши мумкин. У ерда ҳозир 1000та койка мавжуд, яна 1000та койка тайёрланяпти. Зангиота даволаш муассасаси 2000та койка билан барча беморларни ўз зиммасига олса, бошқа профилдаги шифохоналар ўзининг аввалги режимига қайтади», дейди у.
Мавзуга оид
21:59 / 27.11.2022
Хитойда коронавирус чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда
00:22 / 26.11.2022
Пекинда коронавирус авж олгани туфайли янги чекловлар киритилмоқда
22:24 / 07.11.2022
Англияда уй паррандаларига локдаун эълон қилинди
12:45 / 19.07.2022