Ўзбекистон | 00:27 / 09.07.2020
79599
3 дақиқада ўқилади

Бугун 5 ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланди

8 июль куни Ўзбекистонда 422та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 11092 ҳолат), 249 нафар бемор соғайди, 5 киши вафот этди. Шу вақтгача 7060 беморга жавоб берилган, 45 киши вафот этган, шифохоналарда 3987 нафар бемор даволанмоқда. Бугун кунлик ўсиш бўйича ҳам, кунлик тузалишлар бўйича ҳам, ўлим ҳолатлари сони бўйича ҳам янги рекорд кўрсаткичлар қайд этилди.

Бугун 5 ҳудудда - Қорақалпоғисон Республикаси, Тошкент шаҳри, Наманган, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 422 ҳолат мутлақ рекорд ўсиш ҳисобланади ва аввалги рекорд ўрнатилган 6 июль кунидагидан 80 нафар кўп беморда касаллик аниқланди. Бугунги ҳолатлардан 295таси карантин муассасаларида, 127таси аҳоли орасида қайд этилган.

Аҳоли орасида (+127)
Бугун 5 ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланган. Июль ойида аҳоли орасидаги касалланиш ҳолатлари сони 831та етди.

Бугун аҳоли орасидаги янги ҳолатларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида қайд этилди - 76 ҳолат. Пойтахтда июнь ойи бошидан буён узлуксиз равишда аҳоли орасида коронавирус аниқланиб келинмоқда.

Қашқадарёда кескин ўсиш кузатилди - жами 161 ҳолатдан 34таси аҳоли орасида. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, янги касалланганларнинг яна 127 нафари вилоятнинг Ғузор туманида барпо этилаётган, синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Uzbekistan GTL» заводи қурилишида иштирок этаётганлар орасидан аниқланган. Айни пайтда Қашқадарё вилояти бўйича жами 2793 нафар фуқаро карантинга олинган.

Бугун Самарқанд вилоятида аҳоли орасида 11, Наманган вилоятида 4, Қорақалпоғистон Республикасида 2 ҳолат қайд этилган.

Карантин (+295)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 110 ҳолат аниқланди. 

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 37 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди. Пойтахтда кун давомида жами 113та ҳолат аниқланди.

Қашқадарё вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлгани сабабли карантинга олинган 127 кишида вирус чиққан.

Шунингдек, Самарқандда карантиндагилардан 11 кишига, Қорақалпоғистонда 7 кишига, Наманган вилоятида 3 кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Тузалганлар (+249)
бугун Тошкент шаҳри, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида 249 нафар фуқаро соғайди. Бундан олдинги рекорд кўрсаткич 27 июнь куни қайд этилган бўлиб, 202 нафар бемор тузалган ва уйига кузатилганди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 11092 нафар бемордан 7060 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 63 фоизни ташкил этмоқда.

Ўлим (+5)
Бугун кунлик ўлимлар сони бўйича ҳам энг юқори натижа қайд этилди. Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида 3 бемор, Қорақалпоғистон ва Навоийда биттадан бемор вафот этиб, жами ўлимлар сони 45тага етди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3987 нафар бемордан 31 нафари оғир, 12 нафари эса ўта оғир аҳволда. 

Мавзуга оид