«Ҳар куни дўкон айланишнинг мавриди эмас» – Бухоро вилояти ҳокими аҳолига мурожаат қилди
Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камалов вилоят аҳлини карантин қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди.
Вилоят ҳокими кўрилаётган фавқулодда чора-тадбирларга қарамасдан, коронавирус касаллигига чалинганлар сони Бухорода ҳам ошиб бораётганини қайд этди. Хусусан, 9 июль куни, соат 15:00 ҳолатида вилоятда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар сони 555 нафарга етган. Беморлардан 519 нафари тўлиқ соғайган. Даволанаётган 34 нафар беморлардан 3 нафарининг аҳволи оғир, 4 нафариники эса ўта оғир.
«Рўзғордаги эҳтиёжларни қондириш учун бир ҳафта ёки ўн кунга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб қўйиш учун бир мартагина бозорга тушиш кифоя, назаримда. Бу борада ҳам ўз маданиятимизни намойиш этсак, бошқаларга ибрат-намуна бўлсак, касалликдан четда, бехавотир бўламиз. Ҳар куни ёхуд кунора кўчага чиқиб, эринмасдан савдо дўконларини айланишнинг мавриди эмас.
Бундан ташқари, йўналишсиз таксиларда тўрт, ҳатто, бешталаб одам ташиш ҳолатлари учраётгани, кўпларимиз аллақачон хотиржамликка берилганимиз нафақат қонунбузарлик, балки хиёнатга тенг виждонсизлик ҳамдир. Кези келганда, таъкидлаш жоизки, айрим ҳудуд раҳбарлари ҳозирга қадар фуқароларга мурожаат билан чиқиш ва юзага келган вазиятни аҳоли ўртасида тушунтириш чораларини кўрмаяпти.
Шу ўринда шаҳар ва туманлар сектор раҳбарларининг эпидемиологик осойишталик учун шахсан жавобгар эканликлари ҳақида яна бир маротаба қатъий огоҳлантираман!», деган ҳоким.
Шунингдек, Карим Камалов жойларда айрим фуқаролар кўп одамларни йиғиб, дабдабали маросим ва тадбирларни ўтказишни давом эттираётганини таъкидлаган ва маҳалла раислари, фуқароларни фаолликка чақирган.
Айрим давлатларда юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи, миллий урф-одатлар бу касалликни енгишда жуда муҳим омил бўлаётгани таъкидланган.
«Масалан, аҳолиси зич, қўшнилари билан савдо алоқалари ўта ривожланган бўлишига қарамасдан, Япония вируснинг кенг тарқалишига йўл қўймади. Мутахассислар «»япон феномени»ни улардаги ўзига хос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13 та қоида ва урф-одатлар сақланиб қолгани билан изоҳламоқдалар», дея мисол келтирган Карим Камалов.
Мавзуга оид
11:34 / 08.10.2024
Бухорода икки ишчи ток уриши оқибатида ҳалок бўлди
17:13 / 12.08.2024
Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди
16:34 / 21.07.2024
Бухорода хориждаги эрига жаҳл қилиб, болаларини калтаклаган аёлга жазо қўлланди
10:17 / 10.07.2024