Ўзбекистон | 16:51 / 09.07.2020
60862
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда 28 ёшли аёл коронавирус қурбонига айланди

Жиззахда 4 июль куни коронавирус тасдиқланган 28 ёшли аёл оламдан ўтди. У Ўзбекистонда коронавирус туфайли вафот этган энг ёш бемор бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жиззахда 28 ёшли аёл коронавируснинг навбатдаги қурбонига айлангани ҳақида хабар берди. Аввалги қурбонлардан фарқли равишда бу ҳолатда бемор узоқ йиллардан бери қайсидир касалликдан даволаниб келаётгани қайд этилмаган.

«Жиззах шаҳрида яшовчи 28 ёшли М.О. (аёл)нинг жорий йилнинг 22 июнь кунидан тана ҳарорати кўтарилиб, у уй шароитида даволаниб юрган.

Бемор аҳволи оғирлашиб, 4 июль куни тиббиёт ходимларига мурожаат қилганидан сўнг, ундан коронавирусга намуна олинган ва инфекция билан касаллангани тасдиқланган. Унда икки томонлама бронхопневмония, ўткир нафас етишмовчилиги кузатилган.

Бемор даволаниш жараёнида мутахассислар томонидан бир неча марта консультация қилинган, унга тасдиқланган стандартлар асосида тиббий ёрдам кўрсатилган. 

Беморда ўткир нафас етишмовчилиги белгилари кучайганлиги сабабли у сунъий нафас бериш аппаратига уланган.

Бироқ кўрсатилган реанимацион чораларга қарамасдан беморнинг ҳолати кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бугун кун давомида 4та ўлим ҳолати қайд этилди, Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 49тага етди.

Шу вақтгача Тошкентда 29, Наманганда 4, Бухоро, Жиззах ва Самарқандда 3, Сурхондарё ва Навоийда 2тадан, Фарғона, Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда биттадан ўлим рўй берди.

Мавзуга оид