Кореяга ишга борган ўзбекистонликлардан бирида коронавирус аниқланган – Миграция агентлиги
Корея Республикасининг Квангянг шаҳрида 34 ёшли Ўзбекистон фуқаросида янги турдаги коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолати аниқланган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.
«2018 йилдан буён Квангянг шаҳридаги «Doowon Corporation» корхонасида ишлаб келган ҳамюртимиз меҳнат таътили вақтида Ўзбекистонга келиб, жорий йилнинг 6 июль куни чартер рейс орқали Корея Республикасига учиб кетган эди.
Жорий йилнинг 7 июль куни Инчхон халқаро аэропортига учиб борган ҳамюртимиз тест топшириш учун аэропортдан тиббиёт марказига, шундан сўнг ўзини ўзи изоляция қилиш манзилига борган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжу шаҳридаги ваколатхонаси ва Квангянг шаҳрининг Соғлиқни сақлаш бошқармаси назоратида бўлган Ўзбекистон фуқароси шифохонага ётқизилган. Даволанишнинг тахминий даври 10-14 кунни ташкил этади», дейилади агентлик расмий хабарида.
Корея Республикасидан таътилга келган 105 нафар ўзбекистонлик учта гуруҳга бўлинган ҳолда чартер рейс орқали ўзлари ишлаётган мамлакатга жўнаб кетишган эди. Корея Республикасидаги эпидемиологик вазият туфайли ишчи визасига эга фуқароларнинг мамлакатга кириб боришида чекловлар ўрнатилган бўлиб, ҳар бир чартер рейсда йўловчилар сони 60 нафардан ошмаслиги белгиланган.
Ўзбекистонликлар Кореяда ўзи ёки иш берувчиси ҳисобидан 14 кунлик мажбурий карантин муддатини ўташади. Шунингдек, Корея Республикасига ишга кетишдан олдин Ўзбекистонда белгиланган тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.
Жанубий Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан фуқаронинг розилик битимида кўрсатилган ўзини-ўзи яккалаш жойи ўрганилади. Ўрганиш натижасига кўра, фуқаролар томонидан ўзини-ўзи яккалаш жойи карантин қоидаларига тўғри келган тақдирда, уларга Корея Республикасига кириш учун рухсат берилади.
Маълумот учун, айни пайтда 14 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Корея Республикасида ишламоқда.
Мавзуга оид
11:10 / 10.10.2024
Фуқарони Кореяга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
14:20 / 07.10.2024
Корея Ўзбекистонда инновацион лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдиряпти
10:10 / 20.09.2024
Корея Ўзбекистон ҳудудларида пеллет кластери ташкил этади
11:52 / 04.09.2024