20:36 / 09.07.2020
97940

Махсус комиссия карантинни қайтаришга сабаб бўлган 6 муаммони маълум қилди

Чекловлар қайтадан кучайтирилишига бир қатор муаммолар сабаб бўлгани келтириб ўтилди. Республика махсус комиссиясининг билдиришича, булар қуйидагилар:

  • 2020 йилнинг 10 июлига келиб Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизими катта босимга дуч келди. Мавжуд соғлиқни сақлаш муассасалари қуввати янги Covid-19’га чалинган беморларни қабул қилиш учун етарли эмас;
  • айни вазиятда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун Covid-19 билан зарарланганлар сонини қисқартириш ҳамда касалланиш занжирини ҳеч бўлмаганда бир ойга узиш ва тизимни қайта тиклаш ҳаётий заруриятдир;
  • Қатъий карантин чораларини қўлламаслик — коронавирусга чалинганларни стационар даволаш учун касалхоналарда жой қолмаслиги ва улар билан ишлаш учун шифокор ва тиббий ходимларнинг етишмаслигига олиб келади;
  • бошқа касалликлардан содир бўладиган эҳтимолий ўлим ҳолатларини ҳисоблашнинг имкони бўлмайди, сабаби барча тиббиёт ходимлари ва ётоқ ўринлари Covid-19 беморлари билан банд бўлади.
  • Covid-19 билан касалланган шифокорлар сони кўпаймоқда. Кўпчилик карантинда бўлгани сабабли ходимлар етишмовчилиги юзага келган. Шифокорлар ва тиббиёт ходимларига бўлган психологик босим энг юқори нуқтага етди;
  • расмий статистика фақат аниқланган касалланиш ҳолатларини қайд этмоқда. Ҳақиқий ҳолат бошқа мамлакатлардаги каби бир неча баробар фарқли бўлиши мумкин. Сабаби ҳамма беморлар ҳам тиббий ёрдамга мурожаат қилишмаяпти, симптомсиз беморларни эса ҳисобга олишнинг имкони йўқ.

Шу сабабли бу муаммоларнинг ечими сифатида тиббиёт муассасаларининг фаолиятини енгиллаштириш учун беморларни уйда даволаш ва карантинни уйда ўтказиш бўйича баённома қабул қилинди. Карантин марказига кўпроқ фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг карантинда бўлиш муддатини камайтириш имконини берувчи янги қисқа муддатли карантинда сақлаш протоколи қабул қилинди.

Таъкидланишича, 20 кунлик танаффус соғлиқни сақлаш муассасалари, шифокорлар ва тиббиёт ходимларига бўлган босимни юмшатиш ва август ойида мамлакат иқтисодиётини тиклашда давом этиш учун зарурдир.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг 8 июлдаги қарори билан Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чекловлари қайтадан кучайтирилмоқда. Тўйлар, оилавий ва оммавий тадбирлар тақиқланади, автотранспорт ҳаракати чекланади, буюм бозорлари ва болалар боғчалари ёпилади, халқаро авиақатновлар икки бараварга қисқартирилади.

Президент жойларда «яшил», «сариқ» ва «қизил» ҳудуд тамойили тўлиқ ишламаётганини айтиб, карантин чораларига енгил қараш ҳолатларини танқид қилди.

Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари эпидемиологик тоифаси «қизил» бўлишини билдирди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top