Қамчиқда ЙТҲ рўй бериши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудида Isuzu юк машинаси йўл четидаги жарга ағдарилиб кетди. Ҳайдовчи ва йўловчи ҳалок бўлди.
8 июль куни 7:30 атрофида Наманган вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши ҳаётдан кўз юмди, дея хабар қилди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати.
Цемент юкланган Isuzu юк машинаси Поп туманида «Тошкент — Ўш» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган бўлган. 28 ёшли ҳайдовчи Ж. Ж. бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Натижада юк машинаси йўл четидаги жарликка ағдарилган.
Ҳайдовчи ва йўловчиси 23 ёшли Ш. Ж. тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.