Танқиддан сўнг: Урганч туманидаги чиқинди полигонини тартибга келтириш масаласи Сенат назоратига олинди
Хоразм вилояти, Урганч тумани, Ғайбу қишлоғидаги Чўлобод маҳалласи аҳолиси чиқинди полигонидан тарқалаётган бадбўй ҳиддан азият чекаётгани, шунингдек, санитария ҳолати ёмонлашганидан Kun.uz`га шикоят қилган эди.
Бу ҳақда 1 июль куни «Урганч туман аҳолиси чиқинди полигонининг бадбўй тутуни ва сассиқ ҳидидан азият чекмоқда» номли танқидий мақола эълон қилинди.
Олий Мажлис Сенати ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу масала юқори палатанинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев ва бир қатор тегишли идоралар масъуллари ҳамда Чўлобод маҳалласида яшовчи фуқаролар иштирокида жойида ўрганилган.
«Аниқланишича, «Урганч Авто Эко Транс» МЧЖга қарашли Марказий чиқинди полигонида чиқиндилар турларга сараланмагани ва ҳароратнинг юқори даражага кўтарилгани сабабли тез-тез ёнғинлар чиқиб, ҳавога бадбўй ҳидлар тарқалишига сабаб бўлган.
Ўрганиш жараёнида бу камчиликларнинг такрорланмаслиги бўйича полигон мутасаддиларига топшириқлар берилди. Шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан Хоразм вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузурида махсус комиссия тузилди.
Шунингдек, вилоятдаги барча чиқинди полигонларини санитария талаблари асосида зудлик билан тартибга келтириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Фуқаролар томонидан мурожаатда қайд этилганидек, ҳудуддан оқиб ўтувчи ички захкашни таъмирлаш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кўприк барпо қилиш масаласи бўйича «Чапкирғоқ Амударё ИТХБ ҳузуридаги Мелиоратив экспедицияси»га кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, бу масалаларнинг барчаси сенатор томонидан назоратга олинди», – дейилади Сенат ахборот хизмати маълумотида.
Мавзуга оид
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
14:38 / 30.10.2024
Италияда фаррош аёл 50 минг евролик пул ва тақинчоқлар солинган эски тўшакни чиқиндига ташлаб юборди
11:46 / 30.10.2024
1 ноябрдан бошлаб чиқиндидан қарзи борларга электр учун тўлов қилиш чеклаб қўйиладими?
12:10 / 29.10.2024