Ўзбекистон | 00:00 / 10.07.2020
50782
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яна икки бемор коронавирусдан вафот этди. Жами ўлим ҳолатлари сони 50дан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухоро ва Сурхондарёда яна икки киши коронавирус қурбонига айлангани ҳақида хабар берди.

Бухорода 22 июнь куни коронавирус аниқланган 53 ёшли аёл 9 июль куни ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

«Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи 53 ёшли (аёл) Н.С. жорий йил 20 июнь куни туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган.

22 июнь куни эса беморнинг аҳволи оғирлашиб, тез тиббий ёрдам автомашинасида Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг реанимация бўлимига кўчирилган. Унга Covid-19, икки томонлама пневмония, ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Шунингдек, унда гипертония касаллиги ҳам қайд этилган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мутахассислар томонидан консультация қилинган, даволаш жараёни шифокорлар тавсияси асосида олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди», дейилади хабарда.

Шунингдек, Сурхондарёда 2 июль куни коронавирус инфекцияси аниқланган 35 ёшли бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.

«Сурхондарё вилояти Музработ туманида яшовчи 35 ёшли С.С. (эркак) жорий йил 28 июнь куни томоғида оғриқ сезган, нафас йўллари яллиғланган. Аммо ҳеч кимга мурожаат қилмай, уйида ўзича даволанган.

2 июль куни соғлиғи ёмонлашавергач, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Унда Covid-19 тасдиқланган ва вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга Covid-19 оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас, юрак қон-томир етишмовчилиги асорати билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, семизлик ва сурункали пиелонефрит каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. 

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан онлайн консультация қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган», дейилади хабарда.

Бугун Тошкент шаҳрида 2 нафар, Бухоро вилоятида ҳам 2 нафар (шундан 1 нафари афғонистонлик), Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида эса 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди. Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 51 нафарни ташкил этмоқда.

Мавзуга оид