Ўзбекистон | 18:58 / 10.07.2020
7523
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистондан борганларнинг икки нафарида вирус аниқланган» – Миграция агентлиги фуқароларни Кореяга юбориш кечиктирилганини маълум қилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги чартер рейслар орқали ташкилий жўнатилиши режалаштирилган Е-9 визасига эга фуқароларни Жанубий Кореяга юбориш кечиктирилишини маълум қилди. Қайд этилишича, шу пайтгача Кореяга юборилган 105 кишидан 2 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган.

«Жорий йилнинг 10 июнь кунидан бошлаб Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда қатор давлат идоралари ҳамкорлигида Корея Республикасидан таътил учун қайтган фуқароларни мунтазам равишда мавжуд чартер рейслар орқали ташкилий тарзда жўнатилиши йўлга қўйилган эди.

Ҳозирги кунга қадар жами таътилга келган 105 нафар фуқаро Корея Республикасига ташкилий тарзда жўнатилган ва уларнинг 2 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган.

Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги эпидемиологик вазиятни кескинлашганлиги сабабли Корея Республикасига ишчи визаси (E-9 визаси) орқали кириб борувчи фуқаролардан талаб этилиши лозим бўлган тегишли ҳужжатларга ўзгартириш киритилганлиги сабабли жорий йилнинг июль ойидаги чартер рейслар орқали таътилга келганларни ташкилий жўнатилиши режалаштирилган Е-9 визасига эга фуқароларни вақтинчалик Корея Республикасига кириб бориши кечиктирилишини маълум қиламиз», дейилади агентлик томонидан тарқатилган расмий хабарда.

Қайд этилишича, агентлик томонидан Корея Республикаси томонидан ишчи визасига эга фуқароларнинг Корея Республикасига кириш учун тақдим этилиши талаб қилинадиган ҳужжатлар тўғрисида қўшимча равишда маълумот берилади.

Аввалроқ меҳнат таътили даврида Ўзбекистонга келиб, 6 июль куни чартер рейс орқали Жанубий Кореяга қайтиб борган 34 ёшли эркакда янги турдаги коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолати аниқлангани хабар қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, коронавирусга чалинган ўзбекистонликлар Кореяда ўзи ёки иш берувчиси ҳисобидан 14 кунлик мажбурий карантин муддатини ўташади. Шунингдек, Корея Республикасига ишга кетишдан олдин Ўзбекистонда белгиланган тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.

Мавзуга оид