Ўзбекистон | 14:57 / 10.07.2020
8485
2 дақиқада ўқилади

«Сариқ» ва «яшил» тоифадаги мамлакатлардан чартер рейслар давом эттирилади

Транспорт вазирлигининг хабар беришича, «сариқ» ва «яшил» тоифадаги мамлакатлардан чартер рейслар давом эттирилади.

«Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан халқаро миқёсда ҳам хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазият ўрганилиб тоифаларга ажратиляпти. Қайси мамлакат қайси тоифага киритилгани ҳақидаги ҳафталик жадвал республика махсус комиссиясига тақдим этиб борилади.

Шунда «сариқ» ва «яшил» тоифага киритилган ҳудудлардан авиакомпаниялар бизга чартер рейс ташкил этилишига рухсат берилишини сўраб ариза юбориши керак. Ушбу ариза Транспорт вазирлиги томонидан кўриб чиқилиб, амалга ошириш бўйича чора кўрилади.

Исталган авиакомпания чартер рейс ташкил қилиш учун ариза юбориши мумкин. Чартер рейсларни ташкил этиш масаласи туркомпаниялар орқали амалга оширилади. Туркомпаниялар чартер рейсларга талабгор бўлган одамлар тўплайди ва қайси санага қанча авиачипта сотилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотни ўзлари ҳамкорлик қиладиган авиакомпанияларга тақдим этишади. Авиакомпаниялар шунга асосан Ўзбекистон томонига ариза билан мурожаат қилишади», дея Транспорт вазири матбуот котиби Наврўз Аширматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 13 июлдан маҳаллий йўналишдаги поезд ва авиақатновлар ҳам тўхтатилмоқда. 10 июлдан 1 августгача бўлган муддатда сотилган поезд чипталарининг пули йўловчиларга тўлиқ қайтарилади, Тошкент-Нукус, Тошкент-Урганч, Тошкент-Термиз йўналишлари учун сотилган авиачипталарнинг амал қилиш муддати 1 йил давомида сақланиб қолади.

Транспорт вазирлигининг билдиришича, кучайтирилган карантин тартиби шароитида фақатгина Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ хорижий давлатлардаги фуқароларимизни ватанга олиб келиш бўйича репатриацион рейслар бажарилади.

Чегара пунктларидан фуқароларни карантин ҳудудларига етказиш учун автобус ташувлари амалга ошрилади. Шунингдек, карантин муддатини ўтаб бўлган фуқароларни реабилитация учун шифохоналарга ва яшаш манзилларига етказиш темирйўл ва автобус ташувлари орқали амалга оширилади. 

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид