Ўзбекистон | 17:14 / 10.07.2020
14795
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда яна бир бемор вафот этди. Ўзбекистонда жами қурбонлар сони 53тага етди

Сурхондарёда 4 июль куни коронавирус аниқланган 67 ёшли бемор оламдан ўтди. У Ўзбекистонда коронавируснинг 53-қурбони бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Термизда коронавирусга чалинган бемор миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида хабар берди.

«Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи 67 ёшли Р.А. (эркак киши) жорий йил 3 июль куни ўзини ёмон ҳис қилган, нафас йўлларида яллиғланиш бўлган. 4 июль куни Covid-19 инфекциясига намуна топширган ва шифохонага ётқизилган.

Унга Covid-19 инфекциясига гумон, миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Шунингдек, икки томонлама пневмония, ўткир юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, сурункали юрак етишмовчилиги, қандли диабет каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан консультация қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бугун Ўзбекистонда ҳозирча коронавирусдан икки ўлим ҳолати қайд этилди.

Шу вақтгача Тошкентда 29, Бухоро, Сурхондарё ва Наманганда 4, Жиззах, Самарқанд ва Навоийда 3тадан, Фарғона, Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда биттадан ўлим рўй берди.

Мавзуга оид