Ўзбекистон | 00:14 / 11.07.2020
37704
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 8 июль куни ташхис қўйилган бемор вафот этди

Тошкентда 8 июль куни коронавирусдан зарарлангани аниқланган 69 ёшли бемор 10 июль куни вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда яна бир бемор коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берди.

«Тошкент шаҳри Бектемир туманида яшовчи 69 ёшли В.М. (эркак) жорий йил 8 июль куни Тошкент вилояти шифохонасидан ўта оғир аҳволда Зангиота туманидаги ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ўтказилган.
 
Унга Covid-19 оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, миокард инфаркти асоратлари билан кечган.
 
Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан консультация қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
 
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бугун Ўзбекистонда коронавирус туфайли яна 3 ўлим ҳолати қайд этилди ва касалликдан қурбон бўлганлар сони 54 нафарга етди.

Шу вақтгача Тошкентда 30, Бухоро, Сурхондарё ва Наманганда 4, Жиззах, Самарқанд ва Навоийда 3тадан, Фарғона, Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда биттадан ўлим рўй берди.

Мавзуга оид