Ўзбекистон | 23:45 / 12.07.2020
10706
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 60тага етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирусга чалинган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида хабар берди.
 
«Олмазор туманида яшовчи 65 ёшли М.Х.да (аёл) сўнгги икки ҳафтада тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, йўтал кузатилиб, уйида даволанган. Тана ҳарорати тушмагач, Covid-19 инфекциясига намуна топширган. 
 
Бемор Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга Covid-19 инфекцияси оғир кечиши, икки томонлама пневмония, нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги ташхиси қўйилган. 

Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, гипертония, артериал гипертензия ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган. 
 
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бу Ўзбекистонда коронавирус туфайли қайд этилган 60-ўлим ҳолати бўлди.

Шу вақтгача Тошкентда 35, Бухоро, Сурхондарё ва Наманганда 4, Жиззах, Самарқанд ва Навоийда 3тадан, Фарғона, Қашқадарё, Хоразм ва Қорақалпоғистонда биттадан ўлим рўй берди. Ҳозирга қадар фақат Андижон ва Сирдарё вилоятларидагина вирус қурбонлари қайд этилмади.

Мавзуга оид